ЯНГИ ХИЗМАТЛАР ФАҚАТ ҚУЛАЙЛИК УЧУН

“Hamkorbank” аҳолига қулай ва осон банк хизматларини, айниқса, пул ўтказмаларини жорий қилишда ҳамиша етакчи. Буни банкнинг республика бўйлаб кенг тарқалган тармоқларидаги мижозлар оқимидан ҳам билса бўлади.

2023-2024 йилларда “UPT”, “Kwikpay”, “RIA”, “Astrasend”, “Asia Express” каби бир қатор янги тизимларнинг жорий қилиниши мижозлар учун фақат қулайлик туғдирди. Эндиликда исталган чет давлатларидан жисмоний шахсларга юқорида номлари санаб ўтилган тизимлар орқали жўнатилган маблағлар тез ва осон етиб келади ёки етиб боради. Мамлакатимиз аҳолиси орасида хорижга чиқиш ва у ерда ишлаш фоизининг юқорилигидан келиб чиқиб, таклиф этилаётган янги ўтказмалар ижобий самара бераётганлигининг гувоҳи бўламиз.
Масалан, “Universal Payment Transfers” (UPT) умумжаҳон пул ўтказмалари тизими Туркия ва бошқа давлатларга паст комиссияда хавфсиз пул ўтказмасини амалга оширади, шунингдек, транзаксияларни бир зумда қайта ишлайди. UPT ёрдамида бутун дунё бўйлаб, нақд пулда, банк ҳисоб варағидан, картадан, электрон ҳамёндан арзон ва тезкор усулда маблағ ўтказиш мумкин.
“Kwikpay” инновацион халқаро пул ўтказмалари ёрдамида Россиядан жўнатилган рубль, АҚШ доллари, евродаги маблағларни “Hamkorbank” доллар кўринишида эгасига етказади. Россияда ишлаётган ҳамюртларимиз “Kwikpay” иловаси орқали “Visa”, “Mastercard”, “MIR” ёки “Maestro” карталаридан 0 фоизда тез ва осон пул юбора олади. Яна бир қулайлиги, келиб тушган бу маблағни Туркия, Кипр, Грецияга АҚШ доллари кўринишида қулай комиссиялар билан жўнатиш имконияти бор. Бу эса “Kwikpay” иловасини молия­вий операцияларни содда кўринишда тақдим этаётган энг янги халқаро тизим сифатида танитмоқда.
“Ria Money Transfer” ҳам бугунги кунда дунёдаги етакчи халқаро пул муносабатларидан бири сифатида эътироф этилади. Мазкур тизим 1987 йилдан буён 180 дан ортиқ мамлакат ва ҳудудларда 500 000 дан ортиқ хизмат кўрсатиш пунктларидан иборат глобал тармоққа эга бўлиб улгурди. У орқали Европа, АҚШ, яқин ва узоқ хориж мамлакатларига энг яхши ставкаларда АҚШ доллари ва евро жўнатса бўлади. Мана шу имкониятдан “Hamkorbank”нинг мижозлари ҳам фойдаланаётганлиги, шубҳасиз, қувонарли ҳолат.
“Visa Direct” эса мижозларга 2024 йилда яратилган яна бир имкониятдир. Мазкур хизмат тури орқали виза карталардан 50 дан ортиқ давлатлардаги халқаро банк карталари ва Ўзбекистондаги барча банк карталарига пул ўтказиш имкони бор. Бунинг учун карта рақами ва эгасининг исм-фамилиясини билиш етарли. Дейлик, чет элга иш юзасидан ёки саёҳат учун бордингиз ва у ерда тўсатдан сизга қўшимча пул керак бўлиб қолди. Шу пайтда яқинларингиз томонидан виза картангизга “Visa Direct” хизмати ёрдамида ўтказилган маблағ жонингизга оро киради. Бегона юртда банк қидириб, сарсон бўлмайсиз. Бу ҳам пул ўтказмалари борасида ташланган яна бир ижобий қадамдир.
Аҳолига хизмат кўрсатишда йилдан йилга такомиллашган, замон талабига мос усулларни амалиётга татбиқ этаётганини кўплаб мисоллар ёрдамида эътироф этиш мумкин. Ижобий ўсиш нафақат пул ўтказмалари, балки, банк хизматларидан фойдаланишдаги янги дастурлар орқали ҳам намоён бўлади. Авваллари Uzcard ёки Humo пластик карталарига пароль код қўйиш ёки ўзгартириш учун банк офисига ёки банкоматга бориш талаб этиларди. Энди бунга ҳожат йўқ. Мижознинг ўзи телефонига “Hamkor 3” иловасини юклаб олиш орқали уйда ўтирган ҳолатда юқоридаги функцияларни бажара олади. Натижаси эса маълум. Вақт тежалади, ортиқча оворагарчиликка чек қўйилади.

Наврўзбек АКРОМОВ,
“Hamkorbank” АТБ жисмоний шахс­ларга хизмат кўрсатиш бўлими 1-тоифали мутахассиси