ТЕННИС — ҲАРАКАТЛАР ЎЙИНИ

“Hamkorbank”нинг Нукус минтақавий банк хизматлари офиси ходимлари билан кўп суҳбатлашганман. Бу жамоада шундай ўзига хослик борки, йигитларининг деярли барчаси спортга бефарқ эмас. Улар ўз қизиқишларини турли мусобақаларда қатнашиш орқали ифода этади.
Мазкур МБХОнинг ундирув хизмати 1-тоифали мутахассиси Азамат Уразбаев теннис иштиёқманди. Теннис ўйнаса, ўзини енгил ҳис қилади, кайфияти кўтарилади. Қаҳрамонимиз мазкур спорт тури орқали асосан соғлигини мустаҳкамлашга, кам ҳаракатлиликдан ҳимояланишга интилади. Бу эса бугунги кун учун, айниқса, бир жойда ўтириб ишловчи соҳа вакиллари учун жуда керакли хислат.

Қизиқиш болаликдан бошланди

Азамат 3-синфдан бошлаб теннисга меҳр қўйди. Талабалик даврида университет терма жамоаси таркибига қабул қилиниб, мураббийдан ўйин сирларини ўрганди. 2011 йилда Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетини тамомлаб, 2012 йил Нукусдаги “Hamkorbank”да иш бошлади. Банкда спортга алоҳида эътибор қаратилади. Айнан мана шу тамо­йил қаҳрамонимизга жуда маъқул келди. Сабаби, у банк ходимига айланган бўлса-да, спортга бўлган қизиқиши сўнмаган эди. Шу боис Нукус МБХО номидан стол тенниси ва мини футбол мусобақаларида иштирок эта бошлади.

Нега теннис?
Чунки теннисда ҳаракат кўп, концентрация кучли. Яъни, тез ҳаракатланиш ва диққатни кичкина тўпчада жамлаш талаб этилади. Мана шу хусусият Азаматни ўзига жалб қилди. Яна бир сабаби: Нукуснинг ёзи иссиқ, қиши қаҳратонга бой бўлгани учун ёпиқ майдондаги спорт ўйинлари кўпроқ оммалашган.
Азамат теннис ўйинини хонадонида ҳам жорий қилган. 9-синф­да ўқийдиган қизи, 6 ёшли ўғли ва укалари унинг ўйиндаги доимий ҳамроҳларидир. Суҳбатдошимиз ёши 36 да бўлишига қарамай, теннис билан икки соатгача тўхтамай шуғулланишини, аммо ҳеч қачон чарчоқ ҳиссини сезмаслигини айтди. Ишхонада ҳам тушликдан сўнг ҳамкасблар билан ўзаро чигалёзди қилиб туришади. Бундай пайтда Азаматни мағлуб этиш жуда қийин. Фақатгина баъзида 10-15 партиялик беллашувда Исламбай Адилбаев ва Даулетбай Низановларга бир-бир ютқазиб қўйиши мумкин.

“Шароит борки, ўйнаяпмиз”

“Албатта, банкимиз шароит яратиб бераётгани учун шуғулланяпмиз, ўйнаяпмиз, мусобақаларда қатнашяпмиз. Бошқа ҳеч қайси банкда спорт ва маданиятга бу тарзда эътибор қаратилмайди”, дея эътироф этди А.Уразбаев.
Нукус МБХОнинг иқтидорли ходими стол тенниси бўйича Қорақалпоғистон Республикаси давлат ташкилотлари ва хизматчилари ўртасида ўтказилган ҳаваскорлар мусобақасида иккинчи ўринни эгаллади. Омадни қарангки, Азамат деярли тайёргарликсиз рақибларидан устун келди ва юқори ўринлардан бирини забт этди. Бундан маълумки, қаҳрамонимизда спортга бўлган иштиёқ, чидам ва куч етарли. Ўз устида ишласа, имкониятлари янада яққол намоён бўлади. Яна бир хушхабар. Нукус МБХО терма жамоаси “Hamkorbank” томонидан ўтказилаётган минифутбол мусобақасида муваффақиятли иштирок этиб келмоқда. Азамат Уразбаев терма жамоа аъзоси сифатида финалгача етиб бориб, турнир кубогини боши узра баланд кўтариш ниятида. Унга мақсад ва ҳаракатлари йўлида омад ёр бўлишини тилаймиз.

Нигора МИРОЛИМ қизи