“HAMKORBANK”НИНГ КЎЗГУСИ
Вақт — мисли югурик дарё. Умримизнинг ўтаётган ҳар сонияси унутилмас кечинмаларга бой. Бугунги кун эртага ўтмиш солномасидан жой олади. Унинг мазмун-моҳияти, қадр-қиммати бугунги саъй-ҳаракатимизга, амалга ошираётган фаолиятимизга чамбарчас боғлиқ. Ўтаётган вақт тарихимизни бойитади. Демакки, ҳар дақиқада тарих саҳифалари кўпайиб боради. Эзгу ишлар эса йиллар ўтган сари самарасини бераверади.
“Hamkorbank” раҳбариятининг ташаббуси ва бевосита кўмаги билан “Hamkor press” газетасининг ташкил этилишини хайрли ишлар сирасига киритиш мумкин. Нашрнинг кўп йиллик тарихи айнан шу молия муассасаси билан чамбарчас боғлиқ. “Hamkorbank”нинг кўзгуси, маънавий-маърифий таянчи сифатида у жамият ҳаётида ўз ўрнини топди, кўплаб мухлисларга эга бўлди. Иқтисодий, ижтимоий-оммабоп газета сифатида чиқа бошлаганига 20 йил тўлди.
“Hamkorbank” бу даврда ўз нашри билан ҳамнафас ҳолда 33 йиллик тарихий ва шарафли йўлни босиб ўтди. Мамлакатимизда нуфузи баланд банк фаолиятининг ҳар бир даври, ҳар бир жабҳаси унинг саҳифаларида аксини топди, тарих зарварақларига муҳрланди. “Hamkorbank”нинг “Биргаликда юксалиш сари!” шиори банк ва нашрнинг айнан ўсиш, ривожланиш, юксалиш йўлидаги ҳамқадамлигига, ҳамкорлигига чорлаб турибди.
«Келажак ўтмишдан бошланади», дейди донолар. Шу нуқтаи назардан қараганда, ўтган кунларимизда амалга оширилган эзгу ишлар яқин келажагимиз учун пойдевор бўлиши, шубҳасиз. Биргина охирги даврда, яъни 2020-2024 йилларда газетада банкнинг серқирра ҳаёти билан боғлиқ юзлаб материаллар чоп қилинди. Таҳририят томонидан улар сараланиб, жамланди ва китобга (электрон ва босма) айланди. Мақсад — “Hamkorbank” мижозларига, ишчи-ходимларига, газета мухлисларига етказиш.
Банк тизимини ислоҳ қилишга қаратилган ишлар, унинг асосий йўналишлари сифатида бошқарувдаги янгиликлар, ўзгаришлар, кадрларни шакллантириш, иқтидорлиларни кашф қилиш, янги банк хизматлари офисларини ташкил қилиш, соҳа ходимлари, мутахассислар, ҳамкорлар ва банк ҳақида тасаввурларни янада кенгайтириш каби масалалар жой олган мазкур китоб мутолааси барча учун мароқли бўлади, деган умиддамиз.
“Hamkorbank” ҳамда “Hamkor press”нинг ниятлари ҳамиша муштарак, эзгу мақсадлари бир. Бундан кейин ҳам ўз анъаналарига, маслакларига содиқ ҳолда юртимиз иқтисодий-ижтимоий ҳаётининг юксалишига, халқимиз турмуш фаровонлигини янада оширишга ҳисса қўшиб боришдек қутлуғ йўлда ҳамқадам ва ҳамнафас бўлиши, аниқ. Бу йўл равон ва нурафшон бўлишига ишониб қоламиз.