ИШГА ҚАЧОН КЕЛГАНИ, ЁШИ МУҲИМ ЭМАС…
2011 йилда Термиз давлат университетининг молия йўналишида ўқишни тамомладим. Ҳужжатларимни “Hamkorbank”нинг Денов филиалига топширдим. Фарзанд тарбияси, оила, рўзғор билан машғул пайтларим. 2013 йилнинг январида банкдан қўнғироқ қилишиб, “ресепшн”да иш бор” дейишди. Суҳбат асосида қабул қилиндим.
Фаолиятимнинг илк онларидаги туйғуларим алдамаган экан. Меҳр, оқибат, ҳурмат, ишонч, ирода… жамоадаги соғлом муҳит тезда мослашиб кетишимга сабаб бўлди — “Hamkorbank”нинг жуда кўп жиҳатлари ёқди. Ҳар бир ходимнинг билими, изланишлари инобатга олинаркан. Бир вазифада узоқ ўтириб қолмаслик, яхши ишлаганларнинг даражасининг тез ортиши ишга бўлган иштиёқини оширар экан. Дастлаб уч ой “ресепшн”да ишладим, кейин кассага ўтдим. 2015 йил бошида эса “Қалдирғоч” БХОга валюта тарқатадиган кассир вазифасига қўйишди. Май ойида яна филиалга қайтдим ва кадр менежери сифатида фаолият юритдим. Ҳозирда чакана бўлими менежериман.
Аёл кишини банкда ишлаши қийин, дейишади. Мен ундай ўйламайман. Ҳар қандай вазифани уддалаб кетиш инсоннинг ўзига боғлиқ. Яна бир нарса — турмуш ўртоғим ҳам банкда фаолият юритади. Ишимнинг масъулиятли эканини тушунгани учун ҳам қўллаб-қувватлайди, билмаганларимни ўргатади. Шунингдек, жамоанинг қўллаб-қувватлаши ҳам катта куч берди. Улуғбек Маниязов, Зуҳрахон Алимовалар кўмагида соҳа сирларини ўргандим. Бу борада ҳам омадлиман.
Чакана хизматлар бўлими мижозлар билан ҳамиша гавжум. Ишлаш бироз мураккаб. Пул ўтказмалари, аҳоли омонатлари, миллий ва халқаро пластик карталар расмийлаштириш хизматларида кўпроқ мураккаб характерли, аниқроқ қилиб айтганда, тажанг инсонларга дуч келамиз. Талаб этиладиган ҳужжатлар, тартиб, ҳатто навбат кутишни истамайдиган, феъли оғирлари бор. Улар орасида касб этикаси нуқтаи-назаридан «ортиқча» гапирмайман. Салгина “ҳаракат” билан мижозни йўқотиб қўйиш ҳеч гап эмас. Шундай ҳолатда ўзимни босиб, хушмуомалада бўламан ва “мижоз ҳамиша ҳақ” деб ўзимни тинчлантираман. Вазифа ва иш услубимиздаги тезлик — ҳамма ишга улгуришимиз асоси. Зеро хушмуомалалик билан иш битириб, талабини қондирсак, албатта, ортидан бир мижозни етаклаб келишига эришамиз.
Жамоа оиламдек бўлиб қолган. Меҳр топдим, дўст орттирдим, малакам ошди. Ўтган йилни муваффақиятлар билан якунладим. Тўғриси, “Чакана бизнес йўналиши” номинацияси ғолиби бўлишни кутмагандим. Узоқ йиллар ишлаган, тажрибали ходимлар турганда менга йўл бўлсин, деб ўйлагандим. Адашган эканман. “Hamkorbank”да ишга қачон келгани, ёши муҳим эмас, хизмат кўрсатиши ва изланишлари, интилишларига қараб баҳоланишига яна бир бор амин бўлдим. Бу эътироф вазифамга бўлган масъулиятимни янада оширди.
Шаҳноза ХИДИРОВА,
Денов УБХО чакана бизнес бўлими биринчи тоифали менежери.

