“КЕЛИН”ЛАРНИ ТИНЧ ҚЎЙИНГ!
Youtabe платформасига киринг-да, ўзбек киноси номи остида тақдим этилаётган сериал, новелла, киноларнинг номига диққат қаратинг: “Артист келин”, “Ношукур келин”, “Америкалик сохта келин”, “Алданган келин”, “Вояга етмаган келин”, “Бойвачча келиним”, “Жайдари келин”, “Эр беришни хоҳламаган эрка келин”, “Зўравонликка учраган келин”, “Икки кунлик келин”, “Беномус келин”… Бу номларни узоқ давом эттириш мумкин. Аммо асабларингизни эговламаслик мақсадида рўйхатни шу ерда тўхтатдик. Чунки биргина “келин” сўзи билан боғланувчи юзлаб кинолар мавжуд. Айниқса, сўнгги бир йил ичида “Хиёнаткор келин” сарлавҳаси остида кўплаб новеллалар ишланди.
Бу фактларга шубҳа қилсангиз, интернетга кириб, юқоридаги номларни қидирувга беринг. Худди шундай номланган сериал, кинолар бирин-кетин чиқиб кела бошлайди. Улардаги мавзулар деярли ўхшаш: келин ва унинг янги оила аъзолари ўртасидаги келишмовчилик.
Биз бу ерда фақатгина келин мавзусига тўхталдик. Бундан ташқари, қайнона, эр-хотин, ака-ука, дугона, қариндош-уруғ, қўни-қўшнилар ўртасидаги қўйди-чиқдиларни акс эттирувчи сериал, новеллалар ҳам қалашиб ётибди. Савол туғилади: ўзбек кино ижодкорлари охирги пайтларда нега маиший ва тор мавзуларга ўралашиб қолди? Ўзбек томошабинининг салоҳияти шу даражада саёзлашиб кетдими? Авваламбор келинчак нозик хилқат, ширин орзулар тимсоли. У — оиланинг ор-номуси, шаъни, қадрияти. Қиз бола сулоланинг давомийлиги учун боради янги хонадонга. Бироқ бугун ўзбек келинлари экранда тарбиясиз, ахлоқсиз, енгилтак қилиб гавдалантирилмоқда. Майли, реал ҳаётда жуда кам ҳолатда шундай воқеалар учраб турар. Аммо уни оммавий мавзуга айлантириб олиш қанчалик тўғри? Бу миллатни тарбиясиз, ор-номуссиз қилиб кўрсатиш, инсонлар ўртасидаги ишонч, меҳр-муҳаббат, ҳурмат туйғуларини топташ, оилавий қадриятларни оёқ-ости қилиш эмасми? Чунки қайсидир бир воқеа, ҳолат қайта-қайта тарғиб қилинаверса, ўз-ўзидан онгу шууримизга синга бошлайди. Қарашларимизни ўзгартиради. Мавзуга айланган ахлоқсизлик, хиёнат саҳналари ҳам худди шундай таъсирга эга.
Узоққа бормайлик-да, яқин қўшниларимиз ҳисобланган — қозоқ, қирғиз, тожик ижодкорлари яратаётган фильмларга назар ташлайлик. Улардаги мавзулар бўрттирилмаган, майда икир-чикирлар тўрига ўралашиб қолмаган. Аксинча, мамлакатнинг, миллатнинг ўзига хослиги, долзарб муаммолари, ҳаётга қарашлари, теварак олам билан ўзаро муносабатлари атрофлича ёритилади.
Бизнинг айрим режиссёрларимиз эса оммага фильм давомида воқеалар битта хонада кечадиган, қаҳрамони уч-тўрт кишидан иборат мазмунан саёз видеотасмаларни тақдим этишга одатланиб қолди. Уларда оилавий муносабатлардаги баъзи бир келишмовчиликлардан бошқа арзирли жиҳатларни тополмай қоляпмиз. Агар ёшларнинг тарбиясида қандайдир ноқисликлар кузатилаётган бўлса, бу ОАВдаги таҳлилий чиқишлар ёрдамида муҳокама қилиниши зарур.
Кино бу кино. Мазкур жанрнинг қайси турида яратилишидан қатъи назар, кино номи остида берилаётган ҳар бир маҳсулот ўз қонуниятларига содиқ қолиши керак. Ҳақиқий киноасар инсоннинг туйғуларини жунбушга келтиради: йиғлатади, кулдиради, фикрлатади.
Шу ўринда айтишимиз мумкинки, экранга олиб чиқилса, аудиториянинг юксалишига хизмат қилувчи маънавий мавзулар, долзарб масалалар керагича топилади. Агар ижодкорда етарлича салоҳият бўлса, ғоя ва мақсадни каттароқ олиши зарур. Икки дугона ёки икки қўшни суҳбатини тасвирга тушириб, уни кино сифатида оммага тақдим қилиш режиссуранинг кучи эмас. Биз томошабин сифатида экран асарларидан таъсирланишни, ўрганишни, ибрат олишни, хулоса чиқаришни истаймиз. Бизга киносаноати эмас, киносанъати керак.
Нигора МИРОЛИМ қизи