СЎЛИМ ХОНОБОДДАГИ ЮТУҚЛАР
“Hamkorbank”нинг қадами Ўзбекистоннинг энг чекка нуқтасида жойлашган Хонобод шаҳрига етиб борганига кўп йиллар бўлди. Бугунга келиб шаҳардаги иқтисодий ҳаётга ўзининг етарлича таъсирини ўтказишга улгурди.
Қўрғонтепа УБХОга қарашли Хонобод БХОдаги бир кунлик меҳнат жараёнини кузатиш натижасида гувоҳ бўлдикки, бу сокин шаҳарнинг одамлари ҳам ҳудудга мос босиқ, вазмин экан. Бу ё хонободликларга хос феъл-атвор ёки банкдаги меҳнат муҳити уларни шу ҳолатга ўргатган. Бирон мижозни ноўрин хатти-ҳаракати, баланд овози ёки норози кайфиятини сезмадик. Ҳамма хотиржамлик билан навбат кутиб, керакли хизматлардан фойдаланмоқда.
Раҳматулло Абдулфаттаев икки йилдан буён БХОга бошчилик қилади. Ёш ва ташаббускор ходим сифатида юқори кўрсаткичларга эришган. Йўқса, аҳолиси унчалик кўп бўлмаган чекка бир шаҳарда режаларни бажариш осон эмас.
— Тез-тез маркетингга чиқаман, Хонобод шаҳри ва қўшни Султонобод қишлоғи аҳолиси мени таниб бўлди, — дея жилмайди Раҳматулло. — Банкимиз хизматларини қайта-қайта таклиф қилаверишимиз натижасида кўплаб тадбиркорлар мижозимизга айланди. Кези келганда мақтаниб қўяй: машҳур Хонобод санаторияси, «Афсоналар боғи» дам олиш маскани, “Макро” савдо маркази, “Гидроспец” МЧЖ каби йирик корхоналар бизнинг мижозимиз. Улар хизматимиздан миннатдор, биз эса уларнинг келтираётган фойдасидан хурсандмиз. Шу пайтда бир мижоз келиб, Раҳматулло билан саломлашди. “Ҳозир ака, кутиб туринг”, — деди БХО бошлиғи унга. Бу мижоз билан унинг тадбиркорлик объектига бориши керак экан. Суҳбатдошимиз керакли маълумотларни бергач, узрини айтиб, мижоз билан айтилган жойни кўриб келиш учун жўнаб кетди.
Шу ўринда бир маълумотни айтиб ўтишни истадик, тўрт нафар ходимнинг барчаси узоқдан қатнаб ишлайди. Жамоадаги ягона аёл Маъмура Абдуллаевани саволга тутдик:
— Тўғриси, баъзида орадаги масофа чарчатиб қўяди. Ҳар хил вазият бўлиши мумкин, айниқса, ҳозирги совуқ кунларда транспорт билан боғлиқ муаммолар туғилади. Лекин кўникиб кетдим. Айрим қийинчиликларга қарамай бу ерга меҳрим тушиб қолган. Ишга энг биринчи бўлиб мен келиб, эшикни очаман. Иш ҳақи ва нафақалар тушган пайтда касса олдида мижозлар оқими тинмай қолади.
Маъмура саволларимизга жавоб бериш асносида ишини бир зум ҳам тўхтатмади. “Сбербанк онлайн” пул ўтказмасидан фойдаланган бир отахон кўз ўнгимизда 4000 АҚШ долларини санаб олди. У уч нафар фарзанди Россия Федерациясида ишлаётганини айтди. Ундан кейинги навбатда турган йигит номига келган жўнатма миқдори 1300 доллар эканлигини билдик. “Хонобод”да энг катта фойда берадиган банк маҳсулоти — “Сбербанк онлайн” пул ўтказмалари бўлиб, 11 ойда мазкур хизмат режаси 201 фоизга адо этилган.
Истеъмол кредити менежери Баҳодиржон Ўктамовнинг ҳамкасблари ҳақидаги мақтовли сўзлари диққатимизни тортди.
— Опа бизнинг ишонган ходимимиз. Барибир, аёл киши масъулиятли бўлади. Ягона аёл ходим бўлгани учун унга оғирлик туширмасликка ҳаракат қиламиз.
Кейин ёнида ўтирган Шерзодбекни таърифлади:
— Ёш бўлса ҳам ишининг устаси, билимли йигит, хорижий тилларда бемалол гаплаша олади. Чет элликлар келиб қолса, у мулоқот қилади. Баҳодиржоннинг ўзи энг узоқ вақт ишлаган ходим сифатида мижозларни беш қўлдек билади.
Универсал менежер Шерзодбек Хусанбоев талабалигидаёқ “Hamkorbank”нинг ишончини қозонган. 2023 йил ўқишни тамомлаши билан БХОда фаолиятини бошлади. “Бу ерга келиб иш бошқа, назария бошқа эканлигини тушундим. Айниқса, мижозлар билан ишлашда ҳушёр бўлиш керак. Жамоамизга гап йўқ. Ичимиздаги муаммо ҳеч қачон ташқарига чиқмайди”.
Ҳа, “Хонобод”да ҳар бир ходимнинг ўзига хос ишга ёндашуви бор. Бундай иш услуби эса режаларни бажаришда катта аҳамият касб этади. Натижа шуки, 11 ойда фойда режаси 125 фоизга, омонат — 122 фоизга етказилди.
Кислородга бой арчазорлар бағридаги сўлим шаҳарда ишлашнинг ижобий томонлари кўп. Энг аввало, соғликка фойдаси катта. Қолаверса, шаҳарда ўтказиладиган турли йирик халқаро фестиваллар, байрам тадбирлари банк хизматларига бўлган талабни оширади. Хулоса шуки, “Хонобод” БХО ходимларининг йил якунларидан умидлари улкан. 2024 йил улар учун ютуқларга бой саҳифа бўлиб қолишига ишонишмоқда.
Н. ТЎХТАМАТОВА

