МУКОФОТ КЕЛАЖАК УЧУН ЗАХИРА
Инсон умри давомида ҳар бир ўтган кунини сарҳисоб қилиб боради. Вазифасини қай даражада бажариши, фаолиятида эришган ютуқлари, орттирган обрўси меҳнатлари туфайли бўлса янада завқни туяди. Сарҳисоб асносида “Hamkorbank” АТБда фаолият юритаётган ходимлар хизматини рағбатлантириб бориш анъанага айланган. Турли ёрлиқ ва кўкрак нишонлари билан тақдирланиш эса ҳаммага ҳам насиб этавермайди.
Ўтган 2024 йил жуда кўп ходимларга омадли келди. Кимдир номинация ғолиби бўлди, кимдир чет элга саёҳат қилиш имконини қўлга киритди. Масалан, Ўзбекистон Мустақиллиги ҳамда банк ташкил топган кун муносабати билан банкнинг фаол, ташаббускор, изланувчан ҳамда меҳнатсевар ходимлари — Саиджон Шамсиддинов, Зуҳриддин Алиев; Андижон, Хоразм минтақавий банк хизматлари офиси бошқарувчилари — Музаффар Назаров ҳамда Азамат Атажанов; Урганч, Каттақўрғон, Авиасозлик универсал банк хизмати офислари бошқарувчилари — Умаржон Жумашов, Синдор Алимардонов, Бахтиёр Муродовлар банк ташкил топган куннинг 33 йиллиги олдидан “Hamkorbank”нинг фахрий кўкрак нишони билан тақдирландилар.
Саиджон Шамсуддинов Бош банк раҳбарияти бошқаруви раиси ўринбосари сифатида ташаббускорлиги билан ажралиб туради. У юртимиз равнақи йўлида халқимизга хизмат қилиб келмоқда. Банкнинг иқтисодий ривожланишига ўз ҳиссасини қўшаётганлардан. Музаффар Назаров раҳбарлигидаги Андижон МБХО жамоаси “Hamkorbank”нинг юраги десак муболаға эмас. Ходимлари кўп, иш ҳажми юқори. Шунга яраша масъулият, илғорлик ва муваффақият. Жамоанинг бошини қовуштириш юки етакчи зиммасида. Умаржон Жумашев, Синдор Алимардоновлар ҳам ана шу юкни кўтариш ва етакчилик қилиш салоҳиятига эга раҳбарлардир.

Зуҳриддин Алиев
Кредитлаш ва андеррайтинг департаменти директори лавозимида фаолият юритади. Унинг таассуротлари билан қизиқдик:
— Шаҳрихон УБХОда 2005 йилдан бошлаб дастлаб пул муомала бўлими, кейинроқ касса амалиётлари бўлими, фронт офисда ишладим. “Кассада ишламаган ходим банк ходими бўлолмайди”, дер эди устозлар. Буни фаолиятим давомида англаб етдим. Муҳаммаджон Самиев, Зиёдулла Усмонов, Дурбек Абдураҳмоновлардан соҳа сирларини ўргандим. 2009 йилда Бош банкка ҳозирги ишлаётган департаментнинг Кичик бизнесни кредитлаш бўлимига таклиф этишди ва ҳозирда шу департаментда фаолиятимни давом эттириб келяпман.
Банкимиз доим янгиликка интилади, хорижий тажрибаларни амалиётга қўллаш ўз ходимларини рағбатлантиришда етакчи. Бунинг натижаси ўлароқ охирги ўн йилда кредитлаш жараёнларини оптималлаштириш ва автоматлаштириш мақсадида хорижий консултантлар ёрдамида кредитлаш жараёнларини марказлаштиришга эришдик. Кредитлаш фаолиятида янги андеррайтинг тизими ҳамда гаров объектларини марказлашган ҳолда баҳолаш тизими яратилди. Ҳозирда шу тизимларни такомиллаштириш йўлида ишлаяпмиз. Биргина мисол, департаментимизнинг жонкуяр ходимлари ва бошқа ҳамкор бўлинмалар самарали меҳнати натижасида “онлайн баҳо” дастури, яъни гаров объектларини баҳолаш автоматлашган дастури яратилди. Ҳозирда ушбу дастур барча тармоқларимизда кенг қўлланиляпти. Бу, албатта, мижозлар учун тезкор ва сифатли хизмат муҳитини яратади.
Бу мукофотни рости кутмаган эдим. Йиллар давомидаги меҳнатимиз, изланишларимиз, янгиликка интилишимиз самараси деб ўйлайман. Ўтган йилда белгиланган режаларни бажаришда менга елкадош бўлган ҳар бир ҳамкасбимнинг ютуғи бу. Тақдирлов ҳаётимда туб бурилиш ясади. Вазифамга бўлган масъулиятимни янада оширди.
Хоразм МБХО бошқарувчиси
Азамат АТАЖАНОВ
ўз фикрларини қуйидагича ифолади:

— 2024 йил нафақат мен, балки, жамоамиз учун ҳам омадли келди. Йил учун белгиланган юқори тезкор фойда кўрсаткичлари 11 ой якунида бажариб бўлинди. Бу “жамоага нима беради?” деган савол туғилиши табиий. Моддий ва маънавий озуқа, яъни мукофотларни тўлиқ олишни кафолатлайди, келаси йил режалари учун мотивация беради. Ҳамкасбларим орасида ишини шу даражада севадиганлар борки, зиммасига юкланган вазифани тугатмагунча уйига кетмайди. Уларнинг астойдил ҳаракатлари билан муваффақиятларга эришдик.
Жамоамиз асосан ёш мутахассислардан иборат. Ғайрат-шижоатли, янгиликларни тез ўзлаштириб олишда зийрак, илғор. Ҳамиша изланишда, ҳаракатда. Фаол ишлаган ходимларнинг рағбатлантирилиши уларнинг кучига-куч қўшиб, олға юришга ундайди. Менга берилган ушбу кўкрак нишони жамоага берилган баҳо сифатида келажак учун захирадир.
Йил бошида кайфиятлар аъло, режалар бисёр. Соғлом муҳитда ҳар бир ходим астойдил меҳнат қилишга шай.
Нилуфар ЙЎЛДОШЕВА

