ДАШТДА ТУFИЛГАН “АФСОНА”

“Қизлар, дам олиш куни “Афсона”га борамизми, бассейнини роса мақташяпти. Фақат аёлларга хизмат кўрсатиларкан, энг муҳими, суви оқава экан”. Ёз мавсумида бундай сўзлар андижонликлар томонидан тез-тез айтилади. Чунки жазирмада роҳатланиб чўмилиб, танни яйратиш учун номзодликка Хонобод шаҳридаги “Афсона” дам олиш масканидан муносиброқ жой бўлмаса керак.


Тасаввур қилинг, 6,5 гектарлик майдонда сунъий кўл, чўмилиш ҳавзаси, емакхона, ҳатто митти ҳайвонот боғи мавжуд. Истасангиз, кўлда қайиқ орқали сайр қиласиз, ҳайвонот боғидаги товус, илон, қуён, олмахон ва ҳар хил паррандалар сизни янада табиатга яқинлаштиради. Кўлда боқилаётган балиқларни томоша қилиб, руҳингиз таскин топади. Емакхона эса балиқхўрлар учун айни муддао. У қишин-ёзин мижозлар билан гавжум. Ёзда арча, мажнунтол, терак, хурмо ва чет элдан келтирилган бир қанча дов-дарахтлар билан ўралган маскан сизга ҳақиқий ҳордиқ онларини тақдим қилса, қишда янада сокинлашадиган ҳудуднинг соф ҳавоси, иссиқ ва шинам овқатланиш хоналари кўтаринки кайфият уйғотади.
Ишонасизми, атиги 8 йил олдин бу ерлар дашт бўлган. Бир дона ҳам дов-дарахт ўсмас эди. Қисқа вақт ичида ҳудуднинг манзараси тубдан ўзгарди. Бугунга келиб ташриф буюрувчиларни энг кўп жалб қиладиган объектлардан бирига айланди. Дам олувчилар нафақат, Андижон вилояти бўйлаб, балки, қўшни Қирғизистон Республикасидан ҳам келади. Негаки, сўлим табиат қучоғида мазали балиқларни тановул қилиб, бассейнда чўмилиш, газагига эса митти ҳайвонот боғидаги жониворларни кузатишнинг гашти ўзгача.
“Афсона” дам олиш масканининг ташкил қилувчиси ҳисобланган “Дискус-плюс” МЧЖ бош ҳисобчиси Ҳақиқатхон Эргашева билан суҳбатлашганимизда қуйидаги маълумотларни айтиб ўтди.


“2016 йилда тадбиркор Абсаломжон Рўзиматов 6,5 гектар яйдоқ майдонни сотиб олиб, “Афсона”ни дунёга келтирди. Дашт ўрнида боғ-роғ ва кўлларни барпо этиш айтишга осон. Аммо тадбиркор буни уддалади. Мен ўзим хонободликман. Бу ҳудуднинг аввалги манзарасини жуда яхши биламан. Биз учун гўёки эртаклардаги каби чўлу биёбонда ҳашаматли сарой пайдо бўлиб қолгандек туюлади.
4,5 гектар қуруқ ерни ковлаб, суъний кўл ҳосил қилишнинг ўзига яраша машаққати бор. Кўл балиқ боқишга мослаштирилди. Шунга яраша табиий микрофлора ҳам вужудга келтирилди. Бир гектардан ортиқ майдонни эгаллаган бассейн эса фақат аёллар ва болаларга мўлжалланган.
Мана ҳозир қиш бўлсада, хўррандаларнинг қадами узилмайди. Кўлда ўзимиз етишираётган “Дўнгпешана”, оқ балиқ, зоғора балиқ, илон балиқларни мижозларимиз севиб тановул қилади. 8 нафар ишчимиз бор. Барчасига расмий даромад ёзилади. 300 кишилик тўйхонамизда турли тантаналар мунтазам ўтказиб келинади. Раҳбаримиз Ҳожиакбар Рўзиматов ишчи-ходимлардан ҳеч қачон ширин сўзини аямайди, жуда маданиятли, хулқи гўзал инсон”.
Хўш, “Афсона”нинг “Hamkorbank”ка қандай дахли бор дерсиз. Дахл­дорлиги шундаки, “Дискус­-плюс” МЧЖ Хонобод БХОнинг энг сара мижозларидан. Икки илғор муассаса ўртасида бир йил аввал 500 миллион сўмлик кредит шартномаси имзоланган. БХОнинг кўрсаткичларида “Афсона” ҳам муҳим ҳиссага эга. Ўз ўрнида “Hamkorbank” ҳам ҳамкорини молиявий қўллаб-қувватлашга, озроқ қийинчилик сезганда елкадош бўлишга ҳамиша тайёр. МЧЖ бу йил Банкнинг кўмаги билан дам олиш масканида болалар майдончасини бунёд этмоқчи. Зеро болаларнинг шодлигу қувончи, беғубор кулгиси бу масканга янада файз бағишласин.


Н. Сулаймонова