ҲАСАНБОЙНИ КАШФ ЭТГАН МУРАББИЙ

Андижон бокс мактаби деганда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий, II даражали “Соғлом авлод учун” ва “Дўстлик” орденлари соҳиби Зиятдинбек Тойгонбаев кўз олдимизга келади. 50 ёшли спорт устаси икки карра олимпиада чемпиони Ҳасанбой Дўсматовнинг илк устози. Ҳасанбой билан бу инсонни улкан ютуқларга бой ҳаёт йўли боғлаб турибди.
— Келинг, энг аввал сиз ҳақингизда қисқача билиб олсак.
— Андижон вилоятининг Жалақудуқ туманида туғилиб, ўсганман. 1994 йилда Республика спорт билим юртини тамомлаб, Андижон шаҳридаги олий спорт маҳорат мактабида иш бошладим. Меҳнат фаолиятим билан параллел равишда бокс бўйича турли мусобақаларда иштирок этдим. Ўзбекистон чемпионатида ғалаба қозондим. Профессионал боксда жанг­лар ўтказ­дим. Бу даврда кўплаб шогирд­лар ҳам чиқардим. Улардан Акмал Қодиров, Сардор Раззоқов Ўзбекистон чемпиони, Шуҳрат Абдуллаев, Санжар Раҳмонов Осиё чемпиони бўлди.
— Ҳасанбой Дўсматов билан илк танишувингиз ҳақида эшитганмиз. Шу воқеани ўзингиз гапириб беринг.
— 2001 йилдан 2012 йилгача Андижон олимпия заҳиралари коллежида дарс берганман. Ёдимда, 2006 йилда бувиси Ҳасанбой Дўсматовни олдимга етаклаб келди. “Кўринг-чи, шу болани, боксга бермоқчи эдик” деди онахон. Боланинг жуссаси жуда кичкина эди. Вазнини тортсак, 32 кило чиқди. Коллеж тартиб-қоидаси бўйича, энг кам вазн 44 кило бўлиши керак. Уни ўзидан бир неча кило оғир вазндаги болалар билан спарринга туширдим. Ўшанда Ҳасанбойнинг кўзларида оловни кўрганман. Унга қўрқув бегона эди. Болакайга ишондим ва коллеж маъмуриятидан илтимос қилиб заҳирада олиб қолдим. Ваҳоланки, Ҳасанбой 13 ёшигача бокс билан шуғулланмаган экан. Орадан бир йил ўтиб, у Ўзбекистон чемпионатида ғолиб бўлди ва коллежга имтиёзли қабул қилинди. Ўшандан буён унинг шахсий мураббийи сифатида ёнидаман ва барча мусобақаларга у билан бирга бораман.
— Спортчининг имкониятини биринчи кўришдаёқ пайқаса бўладими?
— Ҳа, бўлади. Кимдадир туғма жисмоний қобилият, кимдадир руҳият, хоҳиш устунлик қилади. Албатта, спортчини кашф этиш мураббийга боғлиқ. Бу соҳада туғма иқтидорлидан ҳам кўра иштиёқи бор болани танлаш фойдалироқ. Кўпчилик жисмоний имконияти бўла туриб охиригача бормай, ташлаб кетиши мумкин. Қизиқиши, интилиши кучли бўлган спортчи узоққа боради, натижага эришади.
— Ҳозир ҳам шогирдларингиз кўпми?
— Андижон шаҳридаги “Жаҳон” спорт клубида машғулот олиб боряпман. 30 нафарча шогирдим бор. Фақат якшанба куни дам оламиз. Қолган олти кун машғулотни канда қилмаймиз. Мақсад — тезроқ натижа кўрсатиш.
— Уларнинг орасида Ҳасанбой каби умидлилари борми?
— Албатта. Азизбек, Мунира, Му­ҳайё, Эркинбой, Сурайё каби шогирдларимиздан умидларимиз катта. Энг яхши натижа кўрсатаётган шогирдим Азиза Якубова. Бу қизни 2019 йилдан бери шуғуллантириб келаман. Интилувчанлиги, тарбияси, юриш-туриши билан ажралиб туради. 2022 йилда Туркияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида 3-ўринни олди. 2024 йил Таиландаги Осиё чемпионатида кумуш медаль соҳиби бўлди. Аслида у чемпион­ бўлиши керак эди. Ҳакамларнинг айби билан ғалаба рақибига бериб юборилди. Насиб қилса, 8 март куни Сербияда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатида иштирок этамиз.
— Ўзингиз гап очиб қолдингиз. Мусобақалардаги ноҳақликларга кўп гувоҳ бўламиз. Шахсан мен 2017 йилда Германияда ўтказилган бокс бўйича жаҳон чемпионати финалида Ҳасанбой Дўсматовга қилинган ошкора ноҳақликдан анча пайтгача ўзимга келолмаганман. Ўшанда бундай адолатсизликка қарши жим тургани учун мураббийларни айблаган эдик.
— Ҳа, тўғри. Бу каби ҳолатлар биринчиси ҳам охиргиси ҳам эмас. Бироқ биз мураббийлар бундай ҳолатда ҳеч нимани ўзгартира олмаймиз. Чунки биздан протест киритиш ҳуқуқи олиб ташланган. Ўйиндан ке­йин бу ҳолат тегишли комиссия томонидан ўрганиб чиқилиб, қонунбузарлик ҳолати тасдиқланса, ҳакамларга нисбатан чора кўрилиши мумкин. Лекин натижага ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди.
— Айни пайтда қайси мамлакат бокс спортини энг кучли деб ҳисоблайсиз?
— Албатта, мамлакатимиз бокси дунёда етакчи. Ҳозирда ўзбек боксчиларига тенг келадигани йўқ.
— Республикамизда-чи?
— Илгари Андижон бокс мактаби жуда кучли эди. Айнан Муҳаммадқодир Абдуллаев, Руслан Чагаев каби мустақилликнинг илк олимпиада ва жаҳон чемпионлари етишиб чиққан бу мактабдан. Қолганлар бизни кўриб, ҳаракатни бошлади ва натижаларимизга етиб олди. Бугун Фарғона, Андижон, Тошкент, Бухоро боксида ўсиш юқори.
— Сизни кўпчилик давлатларда Ҳасанбойнинг мураббийи сифатида таниб бўлишган. Чет эллардан ҳам ҳамкорликка таклифлар тушиб турадими?
— Европа ва Осиё давлатларидан кўп таклифлар билдирилди. Лекин мен рози бўлмадим. Сабаби, ўз ватаним учун қилмоқчи бўлган ишларим ҳали олдинда. Шогирдларим кўп, уларнинг мақсадини охиригача етказишим керак.
— Ғалаба мураббийга қай даражада боғлиқ?
— Биласизми, спортчи кучли спорт формасига эга бўлган пайтда жаҳлдор, таъсирчан бўлиб қолиши мумкин. Бунга зиммасидаги улкан ­масъулият, хотиржамликнинг йўқолиши, яқинлар соғинчи ҳам сабаб бўлади. Натижада кучли ҳаяжон таъсирида муҳим беллашувларда имкониятни бой бериб қўяди. Бундай пайт­да шахсий мураббийнинг ўрни муҳим. У шогирдини яхши билган ҳолда, психологик таъсир кўрсатиб, йўлга солиши керак.
— Спаррингга тушсангиз, ҳар қандай шогирдингизни енга оласизми?
— Бир неча йиллар аввал шогирдларим билан ўзим спаррингга тушиб, мастер класс кўрсатиб турар эдим. Энди ёшим анча улғайиб қолди.
— Жаҳон бокс оламида кимни энг зўри деб ҳисоблайсиз?
— Айнан битта боксчини эътироф эта олмайман. Масалан, Оскар Де Ла Хойя масофани ушлаб жанг қилишда, Майк Тайсон яқин масофада, Мэнни Пакьяо чапақай зарбаларда зўр. Ҳасанбойда эса мана шу усулларнинг барчаси мужассам. У жуда ақлли жангчи. Вазиятга қараб дарҳол тактикани ўзгартира олади.
— Ютуқларнинг ортида мураббийларнинг машаққатли меҳнати ётади. Шундай экан, рағбатлантиришларда сизларнинг ҳам хизматларингиз эътиборга олин­яптими?
— Авваллари мусобақалардаги ғалабалар учун фақат спортчиларнинг ўзи мукофотланарди. Ҳозирда мураббийларга ҳам жуда катта эътибор берилиб, рағбатлантиришлар шахсан Президентимиз томонидан амалга оширилмоқда. Шукр, моддий жиҳатдан яхши таъминотдамиз. Кўрсатган натижаларимизга қараб маошларимиз ошмоқда. Қолаверса, шогирд­ларимиз ҳам қараб турмайди.
— Бугун сиз учун қийинчилик туғдираётган муаммо?
— Буни муаммо деб айтиш жоизми йўқми, билмадим. Аммо 2012 йилдан бери ўзимнинг шахсий машғулот залим йўқ. Мана, ҳозир ўқувчиларимни қўл жанги ўргатиладиган залда шуғуллантиряпман. Бу ерда бокс жиҳозлари мавжуд эмаслиги учун ҳар куни ҳар хил жойларда машғулот олиб боришга тўғри келяпти. Ўзимизнинг ҳақиқий бокс залимиз бўлганда қийналмас эдик.
— Жаҳондаги энг нуфузли мусобақа бу — олимпиада. “Лос-Анжелес-2028”дан нималарни кутяпсиз?
— Иккита олтин медални. Шогирд­ларим — Ҳасанбой Дўсматовнинг учинчи бор, Азиза Якубованинг биринчи марта олимпиада чемпиони бўлиши учун бор кучим, меҳнатимни сарфламоқчиман.
Нигора МИРОЛИМ қизи суҳбатлашди