ХОББИСИ — ЯНГИЛИК ИЗЛАШ
Наманган минтақавий банк хизматлари чакана бизнес бўлими бошлиғи Элдор Жалилов янгиликларга ўч, изланувчан ходим. Турса ҳам, юрса ҳам доим қандайдир ғоя устида ўйланиб юради.
Аслида у раҳбарлик қилаётган бўлимда вазифалар етарлича. Чакана бизнес бўлими иш куни давомида мижозлар билан гавжум бўлади. Шунча ишдан ортиб, янгиликлар устида ҳам бош қотириш Элдорга хос характерлардан бири. Ҳозирда у Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академиясининг 1-курс магистри. Ўқишда ҳам бошқа банкларда фаолият юритувчи курсдошлари билан мунтазам фикр алмашади. Чет давлатларда тажриба ўрганиб қайтган устозларини саволларга кўмади. АҚШ, Англия, Россия ва Қозоғистонда ишлайдиган синфдошлари таътилга келганда улардан ҳам биринчи бўлиб, ўша давлатлардаги банк тизими янгиликларини сўрайди. “Бошқа мамлакатларда, бошқа банкларда бизда йўқ қайси илғор усул бор”, деган ўй у билан ҳамиша ҳамроҳ.
2018 йилдан буён МБХОда фаолият юритиб келаётган бўлса, шу давр ичида банкка 30 дан ортиқ бизнес ғояларни тақдим этди. Улардан 15 таси комиссия томонидан маъқулланиб, 6 таси амалиётга жорий қилинди. Қолганлари жараёнда. Изланишлари ортидан бизнес ғоялар бўйича 2024 йилнинг “Энг ташаббускор ходими” дея эътироф этилди. Бу номинацияга унинг таклифига асосан амалиётда қўлланилаётган, банкка ҳам, мижозга ҳам фойда келтиришни бошлаган янги хизмат турлари учун сазовор бўлди.
Элдор Жалилов томонидан амалиётга жорий қилинган бизнес ғоялар қуйидагилар:
- Ўзбекэнергодан келган инкассалар топшириқномаларини интернет банкинг илова орқали юридик мижозларга кўриш имкониятини яратиш.
- Автокредитларни ўз вақтида гаровга қўймаганлик учун пеня ҳисоблашни автоматлаштириш.
- Ходимларни мотивациясини ошириш мақсадида ўз фаолияти давомида юқори натижаларга эришиб келаётган, илғор фикрли, самарадор ходимлардан интервьюлар олиб, банк сайтида ёритиш.
- “Азиа экспресс” халқаро пул ўтказмаларини жорий қилиш орқали мижозларга қулайлик яратиш ва банкка қўшимча даромад келтириш.
- Ипотека кредитларини расмийлаштиришда баҳолаш жараёнларини тезлаштириш. Онлайн баҳолаш тизими орқали баҳолашни ташкил қилиш.
- Халқаро премиум карталарни кўпроқ сотиш мақсадида уларнинг қулайликларини, имтиёзларини банк портали, банкнинг ижтимоий саҳифаларига жойлаш ва доимий ёритиб бориш.
Ушбу ғояларнинг барчаси мижозларга банк хизматларидан фойдаланишда қулайлик туғдириш билан бирга, иш жараёнларини осонлаштириш ва тезлаштиришга хизмат қилади.
Элдорнинг фикрича, бугун юртимиздаги барча банк муассасалари рақобатга қаттиқ киришмоқда. Улардан ортда қолмаслик, аксинча, бир қадам олдинда юриш орқали мижозлар ишончини қозониш ниҳоятда муҳим. Бунинг учун барча ходимлар доимий изланишда бўлиши керак. Ана шунда мижоз “Hamkorbank”ни танлайди.
Нигора МИРОЛИМ қизи

