ИЛҲОМ ФАРМОНОВНИНГ ОРЗУСИ

Истарали, доим кулиб турадиган бу йигитни бир кўришда кўпчилик ёқтириб қолади. Муомаласи ҳам жойида. Бунинг сири нимада, дея қизиқдик. Билсак, у хонанда Илҳом Фармоновнинг Самарқанддаги ўхшаш чеҳраси экан. Суҳбатдошини жуда тез ром этади, камгаплиги ҳам ўзига хос.
Боғишамол универсал банк хизматлари офисининг энг ёш ходими Илҳом Фармонов бизнинг ҳам эътиборимизни тортди. Банк тизимида иш бошлаганига атиги икки йил бўлганига қарамай жамоанинг “ёқимтойи”га айланиб улгурди. Иш борасида билмаганларини ҳамкасбларидан тортинмай сўраб ўрганади. Мижозлар билан муомалада ҳам ўзига хос йўл тутмоқда. Мурожаат қилган мижоз борки ундан хурсанд.
— 2023 йил бир неча ёш ходимлар билан ишга қабул қилиш олдидан суҳбатлашдик. Улар орасида Илҳомжон ҳам бор эди, — дейди Боғишамол УБХО бошқарувчи ўринбосари Шермат Суяров. — Ўта камгаплигини кўриб, тортиб кетармикан, деган савол туғилди бизда. Бироқ ундаги билим, дадиллик ва интилиш шубҳамизни тарқатиб юборди. Оз муддат иш ўрганувчи сифатида юрди. Ҳозир корпоратив хизматлар бўлими менежери. Зиммасига юклатилган вазифани бажариб, ишончимизни оқлаяпти.
Илҳомжон Ургут туманидан. Ёшликдан банк соҳасида ишлашни орзу қилган. Шу мақсадда Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг Самарқанд филиалида билим олди. Талабалик йилларидан “Hamkorbank” фаолиятига қизиқиш билан қарарди. Шу сабаб иккиланишсиз танлови ҳам шу банк бўлди.
— Банк ходимларининг кийиниши, яратилган қулайликлар, тартиб ва замонавийлик қизиқишимни оширган. Шундай бўлса-да, озгина иккиланганим бор гап. Ҳамкасбларимнинг қўллаб-қувватлаши мени дадилликка бошлади. Касбимга бўлган меҳрим янада ортди. Тўғри, ҳали кўп ўрганишим керак. Тизимдаги янгиликлар, мижозлар билан муносабат масъулиятимни оширмоқда. Ягона мақсадим — Бош банкда ишлаш.
Ёш бўлишига қарамай аниқ мақсадлар билан ҳаракатланаётган суҳбатдошимизни қийинчиликлардан чўчимаётганининг ўзи бир ютуқ. Дастурлаш ва хорижий тилларни ўрганишга ҳам вақт топади. Чет эл адабиётини севиб ўқийди. Шундан бўлса керак, тенгдошлари унга ҳавас билан қарайди.
Ишдан бўш вақтлари хонанда Илҳом Фармонов каби қўшиқ куйламаса-да, қўшиқ эшитишни ёқтиради. Эришган ютуқларини онасининг дуолари билан деб билади. Асосийси, ўзи айтганидек, унинг учун ҳаммаси олдинда.
А.НАСИРДИНОВ,
Б.МУТАЛЛИБОВ олган сурат.