ТИЛ БИЛГАН ЮТҚИЗМАС ЭКАН

Болалигимдан аниқ фанларни ёқтирардим. Орзуларимни рўёбга чиқариш учун Ўзбекистон миллий университетининг иқтисод тармоқлари ва соҳалари йўналишида таҳсил олдим. Ва тил билиш даражамни ошириш мақсадида рус ҳамда инглиз тилларини ўргандим. Айни дамда инглиз тилидан 6.5-даражали IELTS халқаро сертификатим бор.

Ўқишимни тугатиш арафасида (2023 й) “Hamkorbank” вакиллари томонидан битирувчилар билан суҳбат ўтказилган. Мен ҳам суҳбатдан ўтдим ва ишлаш учун банкнинг Қўқон универсал банк хизматлари офисини танладим. Стажёрлик давримда амалиёт ҳамда кассада иш ўргандим. Сўнг фаолиятимни Яйпан БХОда бошладим.
Қўқон тарихий шаҳарлардан бири ҳисобланади. Шу боис бу шаҳарга хорижий сайёҳлар кўплаб келади. Мен фаолият олиб бораётган Яйпан банк хизматлари офиси Қўқон марказидан 20 км. узоқликда жойлашган бўлишига қарамай, мижозларимиз орасида хорижликлар кўп. Жумладан, ҳудудимизда хитой ва корейс бизнесменларининг заводлари қурилган. Улар карта очиш, кунлик пул ўтказмалари бўйича мурожаат қилиб келишади. Шу пайтда тил билишим қўл келади, муносабатларда қийналмайман. Менимча, тил билишнинг энг катта фойдаси шу.
Алоҳида таъкидлашни истардим, “Hamkorbank”да ўрганадиган жиҳатлар жуда кўп. Зеро, бу жамоада ёшларни қўллаб-қуватлаш, уларни келажакда яхши натижаларга эришишлари учун кўмак бериш, муомала маданияти ва иқтисодий салоҳиятини оширишга катта эътибор берилади. Айниқса, тил билган мутахассислар алоҳида эътироф этилади ва албатта, рағбатлантириб борилади. Бугунги кун талабидан келиб чиқиб, тил билиш даражамни кўтармоқчиман. Мулоқот оз бўлганлиги сабабли ўзим учун айрим қонунларни жорий қилганман, яъни, инглизча китоблар ўқиш, кинолар кўриш, ўзимга белгиланган сўзларни ёдлаб, билганларимни эса такрорлаб туриш.

Ҳасанжон АКРАМОВ