БУГУН БАНК ЮРИСТИ…
Суҳбатдошимиз “Hamkorbank” АТБ Авиасозлик УБХО ҳуқуқшуноси Хуршид Қодиров. У 2017 йилдан буён банк тизимида самарали фаолият юритиб келади. 2015 йилда Тошкент давлат юридик университетини тамомлаган. Мутахассисга ўзимизни қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилдик.
— Авиасозлик УБХОдаги масъулият ва вазифаларингиз нималардан иборат?
— Асосий вазифаларим 4 қисмга бўлинган бўлиб, улар: УБХО ходимларининг ҳуқуқий саводхонлигини (ҳуқуқий профилактика) ошириш, кредит лойиҳаларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш, даъво ва суд ишларини юритиш, банк фаолиятини ҳуқуқий таъминлаш ва меҳнат муносабатларини назорат қилишдан иборат. Бу банкнинг ҳуқуқий хавфсизлигини таъминлаш ва низоларни ҳуқуқий йўл билан ҳал қилишда муҳим роль ўйнайди.
— Банк юристи бўлиш бошқа соҳалардаги юристларга қараганда осонми ёки мураккаб?
— Биласизми, осон ишнинг ўзи йўқ. Етарли билим эгаси бўлсангиз осон, бўлмаса – мураккаб. Банк молия ташкилоти эканлиги сабабли бу соҳа ҳуқуқшуносдан ҳисоб-китобда эътиборли бўлишни, аниқликни талаб этади. Ҳар битта иш жараёнида, масалан, шартномаларни тайёрлаш, кредит лойиҳаларини ишлаб чиқиш ёки ҳуқуқий назоратни амалга оширишда банкнинг молиявий ҳолатини ва қонунчилик талабларини чуқур тушуниши лозим. Шунингдек, банк ҳуқуқшуноси ҳар доим банкнинг ички сиёсати ва халқаро молиявий стандартлари талабига жавоб бериши керак. Бу масалада қонунлар, регламентлар ва турли хил ҳуқуқий манбалар, кўрсатмаларнинг ўзгаришига тезда мослашиш ҳамда уларни тўғри ва самарали амалга ошириш лозим.
Банк юристининг иши кўпинча юқори даражада ишонч ва тезкорликни талаб қилади. Чунки молиявий операциялар ва улар билан боғлиқ ҳуқуқий хатолар катта молиявий ва репутацион йўқотишларга олиб келиши мумкин. Бунинг учун аниқ ва тўғри қарор қабул қилиш, мураккаб вазиятларда ишлашга тайёр туриш зарур. Қисқача айтганда, банк юристи бўлиш юқори даражадаги билим, тажриба ва эътиборни талаб қилган мураккаб вазифа.
— Айни вақтда мижоз ва банк ўртасидаги муносабатларда юристларга қанчалик эҳтиёж сезилмоқда?
— Бугун шиддат билан ривожланаётган бир даврда яшар эканмиз, банк ва мижоз муносабатларида ҳам турли ўзгаришлар рўй бермоқда. Натижада ушбу муносабатларни қонун ҳужжатларига мослаб ҳуқуқий тартибга солиш эҳтиёжи юзага келади ва буларнинг барчасида ҳуқуқшунос иштироки талаб этилади.
Юристлар мижозлар билан ишлашда ҳуқуқий маслаҳатлар бериб, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва шахсий маълумотларнинг хавфсизлигини таъминлашда муҳим роль ўйнайди. Бу эса банкнинг репутациясини мустаҳкамлайди ва мижозлар билан ишончли, аниқ ва самарали ҳамкорликни амалга оширишга имкон яратади. Қолаверса, ҳар бир юридик масалага жиддий эътибор қаратиб, уни тўғри ҳал қилиш, иш жараёнини қонуний йўсинда тартибга солишга ёрдам беради. Банклар ва мижозлар ўртасидаги муносабатларнинг барча соҳаларида юристларга бўлган эҳтиёж ўсиб бормоқда. Бу ҳолат юридик хизматлар соҳасидаги мутахассисларнинг профессионаллик даражасини янада оширишга туртки бериб, иш жараёнларини сифатли ва барқарор амалга оширишни таъминлайди.
— 2024 йилда аралашувингиз билан қанча масала ижобий ечим топди?
— 71 та суд-даъво ишлари банк фойдасига ҳал этилиб, 11 та жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари кўриб чиқилди. Таъкидлаш жоизки, рақамлар аввалги йилларга нисбатан уч баробарга ошган. Натижада банкнинг ҳуқуқий манфаатлари ҳимоясида юқори самарадорликка эришилди. Шунингдек, бир қанча ҳуқуқий-назарий синовлар ўтказиб, турли низоларнинг олди олинди.
Бу йил ҳам юристларнинг аралашуви орқали жуда кўп масалалар муваффақиятли ҳал этиляпти. Натижада банкнинг самарадорлиги ва ҳуқуқий хавфсизлиги янада мустаҳкамланмоқда.
Н. ТЎХТАМАТОВА суҳбатлашди