МАҚСАД — ИШ ШАРОИТЛАРИНИ ЯХШИЛАШ

Банкнинг бош офиси, Шокир Ибро­ҳим номидаги минтақавий банк хизматлари офиси, Учтепа  ҳамда Юнус­обод  унверсал банк хизматлари офиси ходимлари иш ўринлари ва меҳнат шароитлари бўйича аттес­тациядан ўтказилди. Ушбу тадбир  “Mehnat audit lab” МЧЖ ходимлари билан  биргаликда  амалга оширилди.

Маълумки, “Меҳнатни му­ҳо­фаза қилиш тўғрисида”ги Ўзбе­кистон Республикаси Қонунининг 14-моддаси ҳамда “Иш ўринларини меҳнат шароитлари ва асбоб-ускуналарнинг жароҳатлаш хавфлилиги юзасидан аттес­тациядан ўтказиш тартиби тўғрисида Низом” талабларига кўра,  аттестацияни ўтказиш даврийлигини корхонанинг ўзи белгилайди. Бироқ, у ҳар 5 йилда камида бир марта ўтказилиши  керак.

Аттестацияни ўтказишдан мақсад:

• меҳнат шароитларини меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича нормалар, қоидалар  ҳамда йўриқномалар талаб­ларига мувофиқлаштириш тадбирларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

• ходимларни иш жойларидаги меҳнат шароитлари, соғлиққа шикаст етказишнинг мавжуд хавфи, зарарли ва хавфли ишлаб чиқариш омиллари таъсиридан ҳимоя қилиш чора-тадбирлари ҳамда оғир ишларда, ноқулай, зарарли ва хавфли ишларда ҳамда бошқа алоҳида меҳнат шароитларида ишловчи ходимларга берилиши керак бўлган компенсациялардан хабардор қилиш;

• оғир ишларда, ноқулай, зарарли ва хавфли ишларда, меҳнатнинг бошқа алоҳида шарт-шароитларида банд бўлган ходимларга қонун ҳужжатларида назарда тутилган имтиёзлар ва компенсацияларни белгилаш;

• иш жойларида меҳнат шароитларини назорат қилиш;

• касбий хавфни баҳолаш;

• ходимларни якка тартибдаги ва жамоавий ҳимоя воситалари билан таъминлаш;

• ходимлар меҳнатининг хавфсиз шарт-шароитларини таъминлаш билан боғлиқ масалалар ва келишмовчиликларни кўриб чиқиш;

• меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича нормалар, қоидалар ва йўриқномалар талаб­ларига мувофиқ ходимларни санитария-маиший ва тиббий таъминлаш;

• меҳнатни муҳофаза қилиш фонди маблағлари ҳисобига корхонада меҳнат шароитлари ва муҳофазасини яхшилаш тадбирларини режалаштириш ва молия­лаш­тириш.

Аттестация ташкил қилинган банк  офисларида меҳнат шароитлари  қонунда талаб этилган нормалар ва қоидаларга тўлиқ жавоб бериши аниқланди. Ҳозирда барча банк ходимларидан ишдаги шарт-шароитлар  юзасидан  таклифлар олиш, уларни ўрганиш ва мониторинг қилиш йўлга қўйилган. Жараёнлар тизимли равишда  амалга ошириб борилмоқда.

Сардорбек АБДУРАҲМОНОВ,

Экологик, ижтимоий ва корпоратив бошқарув масалаларини мувофиқлаштириш бўлими мутахассиси