МИЖОЗГА ЯҚИНЛИК, ХИЗМАТДА ТЕЗКОРЛИК
Тошкент шаҳрининг Яшнобод ҳамда Мирзо Улуғбек туманлари аҳолисига қулайлик яратиш мақсадида жорий йилда янги — “Паркент” банк хизматлари офиси иш бошлади.
Жойлашуви бўйича қулай бўлган ушбу БХО Паркент бозори ва атрофидаги аҳоли пунктлари ҳамда тадбиркор-лик субъектлари учун энг яқин ва ишончли молиявий хизмат манзилига айланмоқда. БХО кичик бинода бўлса-да, катта қулайликлар билан “Hamkorbank” АТБ тамойилларига мос ҳолда мижозга яқинлик, хизматда тезкорлик, муносабатда самимийлик асосида ташкил этилди.
Жамоа тажрибали ва жонкуяр мутахассислардан иборат. Санжарбек Хўжаев ёш, истеъдодли, масъулиятли ва изланувчан раҳбар. Хуршидбек Мирсоатов — истеъмол кредити менежери. Мижозлар билан алоҳида ишлайди, уларнинг молиявий муаммоларига ечим излайдиган жонкуяр ходим. Муслимжон Иномжонов эса кассир. Нақд амалиётлар, валюта айирбошлаш, тўловлар ва карточка хизматларида профессионал ёндашув билан ҳамкасбларидан ажралиб туради.
Фаол ҳаракат ва очиқ хизмат
Қисқа вақт ичида жисмоний шахслар орасида банк хизматларига талаб сезиларли даражада ошди. Банк ходимлари эса валюта айирбошлаш шохобчасининг доимий ишлашига, кунлик ўртача 50 дан ортиқ мижозга хизмат кўрсатилишига эришди. Бир марталик, коммунал тўловлар ва бошқа пул амалиётлари бўйича кунлик 30-40 га яқин транзаксиялар амалга оширилмоқда. Истеъмол кредитлари, айниқса, ипотека ва микроқарз кредит турлари бўйича талаблар кун сайин ортмоқда.
Жамоа Паркент бозори ва бозор атрофидаги кичик, ўрта тадбиркорлар билан алоқани йўлга қўйиш устида изланмоқда. Бир неча бор ушбу ҳудудда банк хизматлари, айниқса, терминаллар, айланма маблағ учун кредитлар, валюта амалиётлари ва нақд пул билан ишлаш имкониятлари бўйича тарғиботлар олиб борилди. Тадбиркорлар учун махсус соддалаштирилган ҳужжатлар асосида ҳисобварақлар очилиши, айланма маблағни тўлдириш учун тезкор микрокредитлар ажратилиши, терминалларни ўрнатиш ва уларга техник хизмат кўрсатиш бўйича амалий ёрдам берилмоқда.
Ҳозирча мижозлар сони чекланган. Лекин бу ҳолат офис жамоасини сусткашликка эмас, аксинча, фаол ҳаракатга ундамоқда. Мижозлар оқимини кўпайтириш ва хизматларни кенг таништириш бўйича маркетинг ишлари амалга оширилмоқда. Жумладан, бозор ва бозор атрофидаги савдо нуқталарида банк хизматлари тарғиб қилиняпти. Маҳалла фаоллари, тадбиркорларнинг тавсияси асосида янги мижозлар жалб қилинмоқда. Тавсия маркетинги самарали натижа бермоқда.
— Маркетинг бу фақат реклама эмас, одамларни ишончига эришиш билан алоқага киришишдир. Офисда ҳар биримиз алоҳида маркетинг ходимимиз. Ҳар бир суҳбат — янги имконият, — дейди БХО бошлиғи Санжарбек Хожаев.
Ҳамкорлик фақат ҳисоб-китоб эмас, ишонч ҳамдир
Паркент БХО мижозларга нафақат банк хизматларини яқинлаштирмоқда, балки, молиявий маданиятини ошириш йўлида ҳам муҳим қадам ташламоқда. “Ҳар бир мижоз — бу бизнинг ишончимиз”, жамоанинг тамойили шундай. Банк биносини жиҳоз билан тўлдириш мумкин. Аммо унга ишонч ва илиқликни фақат инсонлар олиб киради. Паркент банк хизматлари офиси айнан шундай илиқликни ўз мижозлари орқали юзага келтирмоқда.
Нилуфар ЙЎЛДОШЕВА

