МАҲАЛЛА БАНКИРЛАРИ “ТИМ БИЛДИНГ”ДА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 17 январдаги “2025 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, мамлакатимиздаги барча банк филиалларида “маҳалла банкирлари” штати ташкил этилиб, ҳар битта маҳаллага “маҳалла банкирлари” билан бирга ишлайдиган ёрдамчи агентлар тайинланди.
“Hamkorbank” АТБга ҳам республика бўйича 250 та маҳалла бириктирилган бўлиб, уларда 58 нафар маҳалла банкирлари, 250 нафар ёрдамчи агентлар тўлиқ таркибда фаолият олиб бормоқда. Андижон шаҳридаги “Hamkor” бизнес марказида ўтказилган тадбир айнан мана шу йўналиш ходимлари иштирокида бўлиб ўтди. Ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, тажриба алмашиш ва мотивацияни ошириш мақсадида “Маҳалла — банк — бизнес: ҳамкорлик ва имкониятлар йўлида” мавзусида ташкил этилган “Тим билдинг”да МФЙ раислари, тадбиркорлар, маҳалла банкирлари ва ёрдамчи агентлар иштирок этди.

Тадбирдан кўзланган мақсад маҳаллада тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган чораларни белгилаш, ўзаро фикр алмашишни турли ўйинлар ва шартлар воситасида амалга ошириш бўлди. Тадбирни “Hamkorbank” АТБ бошқарув раиси ўринбосари Акмал Маҳмудов очиб, қатнашчиларни самимий қутлади ва уларга омад тилади. Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларидан ташриф буюрган 6 та жамоа бир нечта қизиқарли шартлар юзасидан беллашди.
Ўйиннинг якуний натижаларига кўра, ғолиблар “Энг яхши кўрсаткичга эга банкир”, “Энг яхши маҳалла банкири”, “Энг яхши ёрдамчи агент”, “Энг фаол иштирокчи”, “Энг ташаббускор жамоа”, “Энг яхши ғоя” каби номинациялар бўйича тақдирландилар. Иштирокчилар “Тим билдинг” давомида ўрганган самарали тажрибаларни амалиётда қўллаш орқали тизимда юқори натижалар кўрсатишни ўз олдига мақсад қилиб қўйди.
Н. МИРОЛИМОВА

