БУТУН ЖАМОА ЁШЛАРГА УСТОЗ
“Hamkorbank” ташкил топганига 34 йил тўлмоқда. Қутлуғ санани банк тизимидаги муассасалар ўзига хос ютуқлар билан қарши олмоқда. Жумладан, тармоқдаги энг ёш муассасалардан бири бўлган Сергели универсал банк хизматлари офиси жамоаси ҳар бир йўналишда белгиланган режаларни ортиғи билан бажариб, ўзларининг фаоллигини кўрсатяпти.
Нурилла Абдуллаев раҳбарлигидаги мазкур УБХО ташкил топганига 3 йил бўлди. Орадан ўтган бу қисқа вақт тикланиш баробарида молия бозорида ўз ўрнини топа бошлади. Бу ерда иш олиб бораётган 43 нафар ходимнинг ҳаммаси масъулиятли, изланувчан ва ташаббускорлиги сабаб мижозлар эътиборини қозонмоқда. Ҳудудда фаолият олиб бораётган 10 та бошқа банклар орасида ўз ўрнини топганлари ҳам бежиз эмас.

— Бугун мижоз жалб этиш, уларнинг ишончига кириш осон эмас, — дейди УБХО бошқарувчиси Н.Абдуллаев. — Чунки мижоз учун танлов имконияти жуда катта. Шу сабаб Бош офис томонидан кўрсатилганидек, ҳар бир ишда сифат ва тезкорликни биринчи ўринга қўямиз. Бу олтин қоидага доим амал қилинади. Мижознинг банкка келишини кутмай олдига ўзимиз борамиз. Банкимиздаги мавжуд имкониятларни таклиф этамиз, ишлаб чиқарувчиларни молиявий қўллаб-қувватлаш баробарида янги лойиҳалар устида биргаликда ишлашга чақирамиз. Натижа ижобий — ҳамкорларимиз сони кескин ошиб боряпти. Йирик мижозлар ҳам бизни танламоқда. Биринчи ярим йилликда корпоратив кредитлаш режаси 169 фоизга, РКО ва валюта режаси 214 фоизга бажарилгани қувонарли.
УБХОда яхши бир қоида бор. Янги иш бошлаган ёш ходимларга алоҳида эътибор қаратилади. Касбга тайёрлаш, банк соҳасига бўлган меҳрини ошириш ва мижозлар билан ишлашда бутун жамоа мураббийлик қилади. Бу айни вақтда уларни хатоликлардан ҳам сақлайди. Амалиётга келганлар вақт ўтиши билан шу жойни танлашга қарор қилади. Уларнинг аксарияти аввал бошқа банкларга боргани, бироқ бу жойдаги муҳит ҳаммасидан устунлигини эътироф этяпти.
Жамоанинг ҳар бир аъзоси алоҳида эътирофга муносиб. Айниқса, Нўъмон Жўрабоев, Сардорхўжа Ҳусанов, Камолиддин Бобоқулов, Умидбек Норбўтаев ва Азиза Мўминовалар ҳамкасбларига ўрнак, чин маънода устоз. Эришилаётган ютуқларда уларнинг ҳиссаси катта.
УБХОнинг ўсиши, юксалишида раҳбарнинг роли катта. Шу сабаб Нурилла Абдуллаевнинг раҳбарлик масъулияти ҳақида фикрларини тингладик.

— Ўзига яраша қийинчилиги, талаблари бор, бироқ қизиқарли. Доим ходимлар ҳақида ўйлашинг, уларга мотивация беришинг шарт. Шу мақсадда йил якунида бўладиган баҳолашни кутмай фаол ходимларни рағбатлантириб бориш тизимини яратмоқчимиз. Бу ҳамкасбларимни янада фаолликка, изланишга ундайди.
Сергели УБХО фаолиятини ҳудуддаги автомобиль бозоридан айро тасаввур қилиш қийин. Йилнинг ўтган даврида 100 дан ортиқ янги мижоз бозордан келгани, машина савдоси билан шуғулланувчи 10 та тадбиркор доимий ҳамкорга айлангани, микрокредит ва микроқарз олувчилар сони ортиб бораётгани фикримиз тасдиғи. Бу қатор банк муассасалари орасида “Hamkorbank”ка ишонч билан қаралаётганини кўрсатади.
А. Назаров

