ЖАМОА КИЧИК, ЮТУҚЛАР ЭСА КАТТА


“Hamkorbank” ёшлари ақлли ва зеҳнли бўлишини кўп эшитганман. Бухоро минтақавий банк хизматлари офисининг «Дилкушо» БХО ходимлари ҳам шундай ходимлар қаторида. Жамоа катта эмас — 5 кишидан иборат, аммо хизматлари катта. Улар эзгу амаллар қиладиган, ўз касбини севадиган, меҳнатдан қочмайдиган малакали мутахассислардир. 2002 йилдан буён банк равнақи, халқ ишига камарбаста. БХОнинг илк раҳбари сифатида Суҳроб Йўлдошев тартиб, интизомли инсонларнинг ишида барака бўлишини исботлаб берган. Кейин эса Шоҳруҳ Тожиддинов билими ва саъйи ҳаракатлари билан жамоага етакчилик қилди.

Илк фаолиятини бошлаган БХО асосан халқаро пул ўтказмалари билан ишлаган бўлса, кейинчалик истеъмол кредитлари қўшилди, аҳоли билан ишлаш бўйича коммунал тўловларни амалга ошириш, омонатлар қабул қилиш хизмати йўлга қўйилди. Аста-аста банкда жорий қилинган барча хизмат турлари кўрсатила бошланди. Айнан бугунги кунда кунлик пул ўтказмалари жонланган, корпоратив ҳамда истеъмол кредитлари ҳажми ортган. Бу ўз-ўзидан мижозлар сонининг ортишига сабаб бўляпти.
2013 йилдан буён мазкур кичик молия ташкилотига раҳбарлик қилаётган Соҳибжон Насилоевнинг атрофида ёш, изланувчан ходимлар йиғилган. Улар “бир ёқадан бош чиқариб” хизмат қилишмоқда. Зеро ютуқлар замирида биринчи галда бошқарувчининг салоҳияти, ишга ёндошуви ётади. Соҳибжон ўз касбини севган, тиниб-тинчимас инсон. Унинг бу фазилати ҳамкасбларига ўрнак.
— Тадбиркорлик субъектлари учун кредит ажратиш ҳажми кун сайин ортиб боряпти. Масалан, ЯТТ ҳамда фирмалар кўпайгани жорий йилнинг август ойига қадар фуқароларга ажратилган кредитлар ҳажмини 7 миллиар сўмдан ўтказди. Тадбиркорларга бериладиган кредитлар эса 19 миллиард сўмга яқинлашди, —дейди оммавий кредитлар менежери Шерали Тўраев.
Жамоадаги ишчан муҳит, фаол ҳаракатлар туфайли «Дилкушо» ютуқларга эришяпти, самарадор БХОлар қаторида юксаляпти.
Нилуфар ЙЎЛДОШЕВА