Дунё аҳолисининг ярми ўзида диабет борлигини билмайди

Дунё бўйича одамларнинг 40 фоизидан ортиғи ўзида диабет борлигини билмайди. Бу ҳақда “The Lancet Diabetes & Endocrinology” журналида эълон қилинган тадқиқотда сўз боради.

Маълумотлар таҳлилига кўра, 15 ва ундан катта ёшдаги диабетга чалинганларнинг 44 фоизига ташхис қўйилмаган ва улар шунинг учун ҳатто ўзларида касаллик борлигини билмайди. Олимлар 2000 йилдан 2023 йилгача бўлган даврда 204 давлат ва ҳудудлардан олинган маълумотларни, чоп этилган адабиётлар ҳамда сўровномаларни тизимли кўриб чиққан.

“Тадқиқотда қайд этилганларнинг аксарияти 2-тур диабет билан оғриган”, дейди тадқиқот муаллифи Лорин Стеффорд. Халқаро Диабет Федерацияси маълумотига кўра, дунёда ҳар тўққизинчи катта ёшли одамда диабет бор.

“Биз диабет билан оғриганларнинг 56 фоизи касаллиги ҳақида хабардор эканини аниқладик”, дейди Лорин Стеффорд.

Унинг сўзларига кўра, глобал миқёсда кўрсаткичлар географик ҳудуд ва ёш бўйича катта фарқ қилади. Умуман олганда, юқори даромадли давлатларда диагностика ишлари паст ва ўрта даромадли давлатларга қараганда яхшироқ. 35 ёшдан кичик одамларда ўрта ва катта ёшдагиларга қараганда диабет анча кам аниқланган. Ёшлар орасида диабет борлигини билганлар атиги 20 фоизни ташкил этган.

Қайд этилишича, диабетни эрта аниқлаш муҳим, чунки бу вақтида даволашни бошлаш имконини беради ва юрак-қон томир касалликлари, буйрак етишмовчилиги, асаб тизими шикастланиши ҳамда кўриш қобилиятини йўқотиш каби узоқ муддатли асоратларнинг олдини олади ёки кечиктиради.