ҚОЗОҚЛАРГА ЕНГИЛДИК
Хабарингиз бор, Англиянинг Ливерпуль шаҳрида ўтказилган бокс бўйича катталар ўртасидаги жаҳон чемпионати кеча ўз якунига етди. Унда Ўзбекистон терма жамоаси ҳам муваффақиятли иштирок этиб, 6 та олтин, 2 та кумуш, 3 та бронза билан умумжамоа ҳисобида 2 ўринни эгаллади. Биринчи ўрин 7 та олтин, 1 та кумуш, 2 та бронза билан Қозоғистон терма жамоасига насиб этди.
Финал ўйинларидаги айрим камчиликлар бизни етакчиликдан маҳрум қилди. Масалан, 65 килограмм вазнда чемпионлик учун курашган Навбаҳор Ҳамидова ҳамда 90 килодан ортиқ вазнда рингга тушган Жаҳонгир Зокировлар охирги раундга келиб ҳимояга ўтиб олди ва қозоқларга имкониятни бой берди. Ваҳоланки, иккиси ҳам икки раундда очколар бўйича олдинда эди. Қозоқлар бу мусобақага жуда катта тайёргарлик кўргани сезилди. Уларнинг ҳар бири иродали жанг ўтказиб, охиригача курашди.
Лекин қувонарли жиҳатларимиз ҳам бўлди. Масалан, 60 кг. вазнда иштирок этган Абдумалик Халоков ўзининг юқори техникаси билан рингда шунчаки “мастеркласс” ўтказди. Унинг кучли ҳимояси ва тезкор ҳужумларига рақиблари дош бера олмади. Андижонлик 19 ёшли Акмалжон Исроилов ҳам ёш бўлсада юксак даражадаги ўйин намойиш этди. Рақибдан мутлақо чўчимай, фақат ҳужум қилди. Лекин барибир, умумий рейтингда биринчи ўринни ололмаганимиз ачинарли ҳолат. Умид қиламизки, мураббийлар кейинги ўйинларда бу хатолар устида ишлайди.