РАҒБАТ, КЎМАК ИШТИЁҚНИ ОШИРАДИ


“Hamkorbank” АТБда ходимларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, меҳр-мурувват кўрсатиш анъанага айланган. Жамоамизда 38 нафар ходим ишлайди. Уларнинг ҳар бири учун меҳр кўрсатилади, моддий рағбатлантирилади, жамиятнинг сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳаётидаги фаоллигини таъминлашга эришиш асносида фаоллиги оширилади. Зеро, инсон жисми билан эмас, гўзал қалби билан қадрланади.


2023 йилдан буён Сергели универсал банк хизматлари офиси бошланғич касаба уюшма қўмитаси раиси сифатида фаолиятдаман. Банкимизда кўрсатилаётган ижтимоий кўмак ва рағбатлардан, қилинаётган хайрли ишлардан жамоадошларим мамнун.
Ҳар йилги анъана — жамоа аёлларини хурсанд қилиш, яъни, ишга бўлган иштиёқини ошириш мақсадида 8 март — хотин-қизлар байрами кўтаринки кайфиятда ўтказилди, уларга эҳтиром кўрсатилди.
Чакана бизнес бўлими 2-тоифали (истеъмол кредити) менежери Дилдора Парпиева, хўжалик бўлими ҳайдовчиси ҳамда катта ишчиси Сардор Нурматов ва Гулчеҳра Игамбердиевага соғлиғини тиклаб, даволаниши учун моддий ёрдам ажратилди. Июль ойида УБХОнинг барча ходимлари тиббий кўрикдан ўтказилди.
Давлатимиз мустақиллиги ҳамда “Hamkorbank” АТБ ташкил топганининг 34 йиллиги муносабати билан ташкиллаштирилган тадбир ҳам мароқли ўтди. Яқинда ҳамкасбларимиз спортнинг 8 тури бў­йича беллашдилар. Эркаклар ва аёллар ўртасида мусобақа ўтказилиб, ғолиблар эсдалик совғалари билан тақдирландилар. Шунингдек, жамоа кайфиятини кўтариш мақсадида жорий йилнинг 25 ноябрь куни пойтахтда жойлашган “Истиқлол саройи”да бўлиб ўтадиган қизиқчи Аваз Охуннинг концертига ҳаммамиз боришни режалаштириб турибмиз.
Банк ходимларини рағбатлантириш ҳамда жамоада дўстона муҳитни янада мустаҳкамлаш ва мароқли дам олиш мақсадида Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманининг сўлим гўшаларидан бирига саёҳат ташкил қилинди. Саёҳат харажати касаба уюшма бюджетидан қоплаб берилди. Ҳамкасбларим ушбу масканда мароқли хордиқ чиқардилар.

Наргиза Илмуратова,
Сергели УБХО бошланғич касаба уюшма қўмитаси раиси