«ҲАРАКАТДАН ТЎХТАМАЙМИЗ»
Хўжаобод тумани марказидан Қирғизистон чегараси томон катта автомобиль йўли бўйлаб кетаверсангиз йўл ёқасида “Hamkorbank” ёзуви ўрнатилган икки қаватли бинога дуч келасиз. Бу Хўжаобод универсал банк хизматлари офиси бўлиб, туман марказидан тахминан 5 км. узоқликда жойлашган.
Сал четроқда бўлгани учун бошқа тармоқлардаги каби гавжумлик кўзга ташланмайди. Лекин йирик, кўзга кўринган юридик мижозларга эга эканлиги билан аҳамиятли. Бунинг сабаби Хўжаобод туманида кўплаб тўқимачилик корхоналари бор.
Айни пайтда УБХОда 39 нафар ходим фаолият олиб бормоқда. Улардан саккиз нафари хотин-қизлар, икки нафари фахрий, ўн бир нафари ўттиз ёшга тўлмаган йигит-қизлар, уч нафари иш ўрганувчи ёшлар.
УБХО бошқарувчиси Ойбек Мамадалиев шу жамоада узоқ йиллар давомида шаклланиб келган мутахассис. 2021 йилда корпоратив хизматлар бўлими бошлиғи вазифасидан бошқарувчиликка тайинланган. Гапни лўнда қилиб айтганда, у тармоқни “миридан-сиригача” билади.
Жамоа ўзига юклатилган режа ва топшириқларни юқори кўрсаткичларда бажариб келяпти. Бир тану бир жон бўлиб олдинга ҳаракатланмоқда. Бошқарувчининг айтишича, 9 ойлик муддатда кредит даромадлари 117 фоизга, фойда режаси 106 фоизга, пул ўтказмалари 114 фоизга, ВАШ даромадлари 136 фоизга, пластик карталар бўйича даромад 191 фоизга бажарилди.
“Ҳеч қачон ишга кеч қолмаганман”
Бизга дастлаб жамоа фахрийси, нафақада бўлсада, ҳануз ёшлар билан теппа-тенг меҳнат қилаётган Аҳмаджон Зайлобиддиновни таништиришди. “Шу инсон билан гаплашинг, катта тажриба эгаси” деган фикр билдирилди. Ҳаракатлари чаққон Аҳмаджон ака дарҳол суҳбат учун қанча вақт кетишини ҳисоб-китоб қилди.
— Ишонасизми йўқми, ишга ҳеч қачон кеч қолмаганман. Феълим шунақа. Қишин-ёзин ҳар қандай ҳолат юз беришидан қатъи назар уйқудан эрталаб 3:00 да тураман, 7:00 да ишхонага етиб келаман. Ёшлигимда биринчи устозим россиялик Николай Савельев менга шу тарзда қатъий тартиб асосида ва ҳеч қандай саволга жавоб қолдирмасдан ишлашга ўргатган. Ёшларга маслаҳатим: сизга бирон топшириқ юклатилса, ўша масалани ҳамма томонлама пухта ўрганишга одатланинг. Бу ишингизнинг унумдорлигида сизга ёрдам беради.
Жамоа сафига 1999 йилда қўшилган бўлсам, ўтган давр мобайнида вақтимни шунчаки ўтказмадим. Биринчилардан бўлиб филиалимизда Ички аудит тизимини ташкил қилдим. Бош банкдаги фаолиятим давомида хавфсизлик хизматини йўлга қўйдим. Ҳозирда Бек офиси бўлими администраториман. “Hamkorbank”ка озми-кўпми фойдам текканидан хурсандман. Кўплаб ёшларга устозлик қилдим. Айниқса, ёш шогирдим Оятулло Исмоиловга ўзим нимани билсам, шуни ўргатишга ҳаракат қиляпман. Улар биздан кейин ўрганганларини амалиётда қўллаб, ишларимизни давом эттирса, шу бизнинг ютуғимиз.

Хайрлашув арафасида
УБХОда яна бир воқеага дуч келдик. Тармоқнинг етакчи ҳуқуқшуноси Лочинбек Аҳмадалиев жамоа билан хайрлашиб, янги мақсадлар сари отланаётган экан. Унинг ҳам кетар чоғида айтар сўзлари борлигига шубҳа қилмадик.
— 2016 йилдан буён УБХОнинг юридик ишлари билан шуғулланиб келяпман. Эртага охирги иш куним. Тўққиз йиллик ҳамкасблардан ажралиш осонмас. Аҳил бўлиб ишладик. “Hamkorbank” фақатгина банк мутахассислари учун эмас, юристлар учун ҳам яхшигина тажриба мактаби бўла олади. Шу ўқув йилидан судьялар Олий академиясига тингловчи сифатида қабул қилиндим. Олти ойлик курсдан сўнг судьяликда фаолиятимни давом эттирмоқчиман. Қонунларга бўлган ҳурматим мени қонун ҳимоячисига айлантириш арафасида турибди. Оқ йўл тиланглар
Универсал ходим бўлмоқчи
“Эътироф ойнаси”да чакана бизнес универсал менежери Дилафрузхон Каримованинг суратига кўзимиз тушди. Ҳаётга мамнунлик ила боқиб турган нигоҳларга қараб англадикки, бу ходим ҳақида тўхталиб ўтишга ҳам етарли сабаблар бор.
Мустақиллик тенгдоши бўлган Дилафрузхон 2019 йилдан буён офисда турли вазифаларда фаолият юритиб келаётган экан.
— Ресепшн, кадр менежери, кассирликда ишладим. Универсал ходим бўлишни мақсад қилиб қўйганман, энди навбат кредит йўналишига, — деди у. — Мақтанишмас-у, КПИ кўрсаткичларим доим 100 баллдан юқорида. Самарадорликка эришиш йўллари устида роса изланганман. Энг аввал, билмаганларимни тажрибали ҳамкасбларимдан ўрганишга киришдим. Банкда жорий қилинган янги тартиблар билан мунтазам танишиб бораман. Стандартлар асосий иш қуролимга айланган. Мижозга имкон қадар тезкор хизмат кўрсатишга ҳаракат қилганим учунми кўрсаткичларим ўсмоқда.
Н. ТЎХТАМАТОВА

