ТИНИҚ, ҲИДСИЗ…
Бугун аҳолининг катта қисми таом тайёрлашда кунгабоқар ёғидан фойдаланади. Истеъмолчининг танлови ўзгарган бир пайтда бозор қонуниятлари билан ҳисоблашиш ишлаб чиқарувчи учун муҳим аҳамият касб этади.
Урганч шаҳрида фаолият олиб бораётган “Samega” МЧЖ талаб ҳажми пасайиб бораётган пахта ёғи ишлаб чиқариш билан шуғулланаётган бўлсада, Хоразм вилоятидаги ёғ-мой корхоналари орасида етакчи. МЧЖ 2021 йилдан буён “Воҳа” номли пахта ёғларини истеъмолга тақдим этиб келади. Йилига 72 минг тонна маҳсулот ички бозор орқали харидорларга етказилади.
Хўш, “Воҳа” ёғлари нимаси билан бозорда ўз ўрнини топди? Шубҳасиз, ишлаб чиқариш стандартларига тўла жавоб бериши ҳамда юқори сифати билан. Корхона мутассадилари истеъмол бозорини ўрганар экан, тўлиқ технологик циклда ишланмаган пахта ёғи организм учун хавф туғдириши мумкинлигини билгач, сифатни таъминлашга алоҳида аҳамият қаратди. Бир неча босқичли технологик жараёндан сўнг ранги тиниқ, ҳидсиз, кимёвий қўшимчалар жуда кам миқдорда, энг муҳими, организмда енгил ҳазм бўладиган маҳсулот яратилди. Асосийси, жиғилдонни қайнатмайди.
“Samega” 2023 йилда “Hamkorbank” АТБ Урганч УБХО билан ҳамкорлик алоқасини ўрнатди. Корхонанинг асосий ҳисоб рақами банкка ўтказилди. Узоқ ва қисқа муддатли кредит шартномалари тузилди. Шундан буён барча турдаги молиявий амалиётларини мазкур банк муассасаси орқали амалга ошириб келмоқда.
Н. СУЛАЙМОНОВА

