МЕҲНАТ МУНОСАБАТЛАРИ ВА ҚОНУН ҲИМОЯСИ

Ушбу саҳифа Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фонди гранти асосида тайёрланди.

Ҳар бир фуқаро меҳнат қилиш, адолатли иш ҳақи олиш, хавфсиз меҳнат шароитларида ишлаш ва дам олиш ҳуқуқига эга. Ушбу ҳуқуқлар Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва Меҳнат кодекси билан кафолатланади.

Аммо амалиётда кўплаб фуқаролар ишга киришда ёки меҳнат фаолияти давомида ўз ҳуқуқларини етарлича билмаслиги сабабли ҳуқуқбузарлик ҳолатларига дуч келмоқда. Жумладан, меҳнат шартномасининг тузилмаслиги, иш вақти, дам олиш меъёрлари ва меҳнатга ҳақ тўлаш тартибининг бузилиши ёки ноқонуний ишдан бўшатиш каби муаммолар кузатиляпти.
Шу ўринда Меҳнат кодексининг асосий тамойиллари асосида меҳнат ҳуқуқларининг бузилиш ҳолатларини аниқлаш, уларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш усуллари ва амалий йўл-йўриқларга эътибор қаратсак.
Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 28 октябрда қабул қилинган янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси меҳнат муносабатларини тартибга солувчи асосий норматив-ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади. Кодекснинг 3-моддасида меҳнат қонунчилигининг асосий тамойиллари қуйидагича белгиланган:

  • мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик;
  • меҳнатда тенг ҳуқуқлилик;
  • ходимнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш;
  • меҳнат шароитларининг хавфсизлиги ва гигиеник талабларга мувофиқлиги;
  • ходим ва иш берувчи ўртасида ижтимоий ҳамкорлик ва масъулият.

Бу тамойиллар меҳнат муносабатларида ходимнинг ҳуқуқларини бузилмаслигини кафолатлашга хизмат қилади. Ҳар бир ходим бу борада етарли тушунчага эга бўлиши лозим.
Иш берувчи ва ходим ўртасидаги муносабатларни тартибга солишда меҳнат шартномаси муҳим роль ўйнайди. Савол туғилади: унинг аҳамияти ва унга оид ҳуқуқбузарликлар қандай?
Меҳнат кодексининг 103-моддасига кўра, меҳнат шартномаси — ходим ва иш берувчи ўртасидаги тарафларнинг ўзаро ҳуқуқлари ҳамда мажбуриятларини белгиловчи келишув бўлиб, унга мувофиқ ходим иш берувчининг манфаатини кўзлаб, ушбу келишувда белгиланган меҳнат вазифасини унинг раҳбарлиги ва назорати остида шахсан бажариши, ички меҳнат қоидаларига риоя этиши шарт. Ўз ўрнида иш берувчи ходимга шартлашилган меҳнат вазифаси бўйича иш бериш, иш ҳақини ўз вақтида ҳамда тўлиқ миқдорда тўлаш, меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда, меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда ва ушбу келишувда назарда тутилган меҳнат шароитларини таъминлаш мажбуриятини ўз зиммасига олади.
Муаммо шундаки, айрим иш жойларида ходимлар билан оғзаки келишув асосида ишлаш ҳолатлари учрайди. Натижада ходимнинг ҳуқуқларини исботлашда қийинчилик туғилади: суғурта бадаллари тўланмайди, пенсия стажи юритилмайди ва иш ҳақи кечиктирилиши мумкин.
Хўш, юқоридаги каби ҳолатларни олдини олишда ходим учун ҳимоя йўли қандай? Биринчи навбатда, ишга киришда албатта ёзма шартнома талаб қилинг. Агар иш берувчи шартнома тузмаса, Меҳнат инспекциясига ёзма мурожаат қилинг. Яна иш фаолиятингизга доир барча далиллар (иш жойидаги ёзишмалар, иш графиги, тўловлар ҳақидаги квитанциялар)ни сақлаб боринг.
Иш берувчи ва ходим ўртасида иш вақти, дам олиш вақти ҳамда таътил ҳуқуқлари борасида ҳам муаммолар юзага келади. Кодекснинг 182-моддасига кўра, ходимнинг ҳафталик нормал иш вақти 40 соатдан ошмаслиги керак. Шунингдек, дам олиш кунлари (одатда якшанба) ва йиллик меҳнат таътили ходимнинг ажралмас ҳуқуқи ҳисобланади.
Агар иш берувчи томонидан ортиқча иш вақтига мажбурлаш, дам олиш ёки таътил кунларида ишлатиш ва таътил пулларининг тўланмаслигига йўл қўйилса, қонун бузилган ҳисобланади. Шу сабаб, иш соатларингизни ёзма равишда қайд этиб боринг. Ортиқча ишлаган соатлар учун қўшимча ҳақ талаб қилиш — қонуний ҳуқуқингиздир. Дам олиш ҳуқуқи бузилган бўлса, ёзма ариза билан мурожаат қилинг ёки бу тўғрида Меҳнат инспекциясига хабар беринг. Сизнинг ҳуқуқингиз қонун билан ҳимояланади.
Ходим иш ҳақи, мукофот, қўшимча тўловлар, таътил пули каби барча тўловларни ўз вақтида олиш ҳуқуқига ҳам эга. Бир сўз билан айтганда, сиз доим қонун ҳимоясидасиз.

Ботиржон Йўлдошев,
Aндижон вилоят адлия бошқармаси ҳуқуқий ахборот шўбаси бош маслаҳатчиси