СИЗНИНГ ҲУҚУҚИНГИЗ

Материал Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фонди гранти асосида тайёрланди.

САВОЛ: Уйимиз турмуш ўртоғимнинг қонуний эгалигида эди. Турмуш ўртоғим вафот этди. Эндиликда, уй турмуш ўртоғимнинг номидан, тўғридан тўғри менинг номимга ўтадими?

Қундузхон ТЎХТАСИНОВА,

Марҳамат тумани.


Мерос қолдирувчининг болалари (шу жумладан фарзандликка олинган болалари), эри (хотини) ва ота-онаси (фарзандликка олувчилар) тенг улушларда қонун бўйича биринчи навбатдаги ворислик ҳуқуқига эга бўладилар. Мерос қолдирувчининг вафотидан кейин туғилган болалари ҳам биринчи навбатдаги ворислар жумласига киради.

Мерос очилган пайтда ҳаёт бўлган фуқаролар, шунингдек мерос қолдирувчининг ҳаётлик пайтида ҳомила ҳолида бўлган ва мерос очилгандан кейин тирик туғилган болалари васият ва қонун бўйича меросхўр бўлишлари мумкин.

Юқоридагиларга мувофиқ, турмуш ўртоғингиз вафот этганидан кейин унинг номидаги уй-жойни ўзингизнинг қонуний эгалигингизга ўтказиш учун, бошқа меросхўрларнинг розилигини олган холда, яшаб турган жойингиздаги нотариал идорага ариза билан мурожаат этишингиз мумкин. Меросхўрлар ўртасида низо мавжуд бўлса, унда яшаб турган жойингиздаги фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судига мурожаат қилиш ҳуқуқига эгасиз.

Саволга Адлия вазирлиги хузуридаги “Мадад” ННТ Марҳамат туман ҳуқуқий маслаҳат бўлими бош мутахассиси

Одилжон Ботиров жавоб берди.