МАРКАЗИЙ БАНКЛАР ОЛТИН ЙИҒМОҚДА

Олтин энг ишончли ва вақт синовидан ўтган активлардан бири. Дунё бўйлаб марказий банклар унинг захираларини кўпайтиришда давом этмоқда, 2025 йилда олтинга бўлган юқори талаб металл нархини рекорд даражаларга олиб чиқди.

Янги инфографика қайси давлатлар энг йирик расмий олтин захираларига эга эканини яққол кўрсатиб беради. Визуализация учун маълумотлар BullionVault платформаси томонидан тақдим қилинган бўлиб, 2024 йил ҳолатига кўра олтин ҳажмини тонналарида акс эттиради.

Катта фарқ билан АҚШ етакчилик қиляпти: мамлакат олтин захираси 8 минг 133,5 тоннани ташкил этади ва ўн йилликлар давомида деярли ўзгармай келмоқда. Бу олтиннинг асосий қисми Форт-Ноксда ва Нъю-Йоркдаги Федерал захира банкида сақланади.

Европанинг энг йирик иқтисодиётлари — Германия (3 352 тонна), Италия (2 452 тонна) ва Франция (2 437 тонна), жами 8 минг 200 тонна олтинга эга. Бу АҚШ захираларига деярли тенг. Улкан захиралар — бутун халқаро пул тизими асоси олтин бўлган, урушдан кейинги Бреттон-Вудс тизими меросидир.

Хитой олтин захирасини жадал оширмоқда: 2019 йилдаги 1 минг 948 тоннадан 2024 йилга келиб 2 минг 280 тоннагача. Бу Пекиннинг АҚШ ғазначилиги облигацияларига сармояларни қисқартириб, активларни диверсификация қилиш ва юаннинг жаҳон саҳнасидаги позицияларини мустаҳкамлаш стратегиясининг бир қисми ҳисобланади.

Россия 2 минг 333 тонна олтин захирасига эга бўлиб, бешинчи ўринни эгаллайди. Туркия (595 тонна) ва Полша (448 тонна) каби бошқа ривожланаётган бозорлар ҳам ўз захираларини кескин ошириб, олтиндан инфляция, валюта таваккалчиликлари ва геосиёсий беқарорликдан ҳимоя воситаси сифатида фойдаланмоқда.