СИЗНИНГ ҲУҚУҚИНГИЗ

Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фондининг грант лойиҳаси асосида

Агар зарурат бўлса, умрбод таъминлаш шарти билан уй-жой (квартира)ни бошқа шахсга бериш шартномаси қандай тузилади?

Жавоб: Умрбод таъминлаш шарти билан уй-жой (квартира, уйнинг бир қисми)ни бошқа шахсга бериш шартномасига мувофиқ, олувчи шахс ёши ёки соғлиғи туфайли меҳнатга лаёқатсиз бўлган бошқа шахсга берувчини натура ҳолида (уй-жой бериш, овқатлантириш, парваришлаш ва зарур ёрдам кўрсатиш тарзида) умрбод моддий таъминлаш мажбуриятини олади, бошқа шахсга берувчи эса олувчига уй-жойни мулк қилиб бериш мажбуриятини олади.

Умрбод таъминлаш шарти билан уй-жойни бошқа шахсга бериш шартномасида бошқа шахсга берувчига қандай моддий таъминот турлари берилиши, уларнинг пул билан ифодаланган бир ойлик баҳоси ва уй-жойнинг қиймати кўрсатилиши лозим.

Бериладиган уй-жой ва моддий таъминот қиймати тарафлар келишуви билан белгиланади. Умрбод таъминлаш шарти билан уй-жойни бошқа шахсга бериш шартномаси ёзма шаклда тузилиши ва нотариал тасдиқланиши лозим.

Шартномага мувофиқ, олувчи шартнома амал қилиб турган даврда ушбу уй-жойни сотиш, ҳадя қилиш, гаровга қўйишга ва уй-жойга мулк ҳуқуқини оғирлаштирадиган бошқа ҳаракатларни амалга оширишга ҳақли эмас. Бу уй-жой олувчининг қарзлари бўйича ундиришга қаратилмайди.

Шунингдек, бошқа шахсга берувчидан олинган уй-жойнинг тасодифан нобуд бўлиши олувчини шартнома бўйича ўз зиммасига олган мажбуриятлардан озод қилмайди.

Саволга ҳуқуқшунос Азизбек ЖАЛИЛОВ жавоб берди