ХОТИН-ҚИЗЛАРНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ ҚОНУН ҲИМОЯСИДА
Ҳозирги кунда дунё миқёсидаги оғриқли муаммолардан бири хотин-қизларнинг зўравонликнинг қурбонига айланаётгани. Бу ўз ўзидан барчамиздан ҳушёрликни, опа-сингилларимизга нисбатан ҳар қандай тазйиқнинг олдини олишга чақиради.

Аксарият ҳолларда бундай жиноятнинг юзага келишига аёлларнинг ўз ҳуқуқларини яхши билмаслиги ва алдовларга осонгина ишониб қолаётгани сабаб бўляпти. Уларнинг ҳуқуқий билимлари ва маданиятини ошириш, қонунчилигимиздан хабардор этиб бориш долзарб вазифа. «Hamkor press» газетаси таҳририяти томонидан мунтазам бу борада тарғибот ишлари олиб борилаётгани бежиз эмас. “Адолат” СДП Андижон вилоят кенгашида фаол хотин-қизлар иштирокида “Аёл ва ҳуқуқ: зўравонликка йўл бермаймиз” мавзусида ташкил этилган давра суҳбати шу мақсадга қаратилди.
Тадбирда сўз олган ҳуқуқшунос Мўътабар Содиқова амалдаги қонунларимиз асосида хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши, оилада ҳуқуқий маданият ва зўравонликнинг келиб чиқиш сабаблари тўғрисида тушунча берди. Агар ҳар бир аёл ўз ҳуқуқларини яхши билса, ҳар қандай жиноятнинг олди олиниши мумкинлигини кўрсатиб ўтди.

Таъкидланганидек, бу масалага алоҳида эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Аёллар жамиятнинг таянчи, авлодларимиз давомчиси. Уларга нисбатан зўравонлик инсон ҳуқуқларига зид демакдир.
Тадбир якунида мавзу юзасидан иштирокчиларни қизиқтирган саволларига жавоб берилди. Фаол иштирокчилар «Hamkor press» газетаси таҳририяти томонидан тақдирландилар.
Абдуғаффор КАРИМОВ

