“ҲАМКОР-ПРЕСС”НИНГ 500 САРҲИСОБИ
“Ҳамкор-пресс” республика матбуотида ўз ўрни ва мавқеига эга газета. Дастлаб корпоратив нашр сифатида таъсис этилган бўлсада, у оммавий ахборот воситалари бозорига дадил кириб келди. Бугун нашр беш юзингчи бор саҳифаларини очди.
“Hamkorbank” бозор иқтисодиётига ўтиш, мулкчилик шаклини кенгайтириш, кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошириш, тадбиркорликни ривожлантириш масалаларида юртимизда етакчи ўринни эгаллаб турибди. Газета эса ушбу жараёнларни муфассал ёритиш баробарида давлат томонидан берилаётган имтиёзлар, преференциялардан самарали фойдаланиш борасида бизнес ҳамжамиятини ишончли ва манфаатли маълумотлар билан таъминловчи ҳамкорга айланди. Шу боис йилдан йилга адади ортиб, ўқувчилари сони ва кўлами кенгаймоқда.
Бугун биз агрессивлашган ахборот маконида яшамоқдамиз. Асосли ва асоссиз янгиликлар оқими 24/7 режимида турли ресурслар орқали тўхтовсиз тарқатилади. Мазкур шароитда газета ўз услубини, қадрини, обрўсини йўқотмай келяпти. Унда гарчи иқтисодиёт мавзуси етакчилик қилсада, сиёсат, маънавият, маданият, инсон салоҳиятини рўёбга чиқариш соҳалари назардан четда қолмайди.
Президентимиз таъкидлаганидек, иқтисодиёт ва маънавият тараққиётимизнинг ажралмас икки асосидир. Иқтисодиёт жамият танаси, маънавият эса унинг жони ва руҳи бўлиб, булар бир-бирини тўлдириб, уйғун ривожланиши лозим. Шу тамойил газетада эълон қилинадиган мақолаларга сингдирилган. Репортаж, очерк, лавҳа қаҳрамонларига берилган чизгиларда уларнинг нафақат тадбиркорлик борасидаги ютуқлари, балки маънавият бобидаги ибратли ташаббуслари ёритилади.
Газета ўзининг 500-сонини нашр этаётган экан, бу ўзига хос синов, давон, ютуқ, янги режалар… “Ҳамкор-пресс”нинг аҳил жамоасига ижодий парвозлар, янги марралар ва муваффақиятлар тилайман. Қаламингиз ўткир бўлсин.
Саидаҳмад ШУКУРОВ,
“Халқ сўзи” ва “Народное слова” гезеталари мухбири

