МАКТАБДАН ҚАЙТАЁТГАНДА БОЛА УЧУН КИМ ЖАВОБГАР?

Савол:   Акамнинг фарзанди 9-синфда ўқийди. Яқинда у  дарсдан  кейин синфдош дўстлари билан туман марказига айланишга бориб, бегона болалар билан муштлашибди. Жанжал пайтида  ўқувчилардан бири оғирроқ тан жароҳати олган. Эндиликда бу вазият учун  ота-онанинг жавобгарликка тортилиши айтилмоқда.  Шу тўғрими? Мактабдан ҳали уйга етиб келмаган боланинг ҳуқуқбузарлиги учун ким жавоб  беради?

         Зилола УБАЙДУЛЛААЕВА,

         Андижон шаҳар.

 — Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 77-моддасида “Ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўз фарзандларини вояга етгунига қадар боқиши, уларнинг тарбияси, таълим олиши, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топиши хусусида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар” дея ёзиб қўйилган.  Шу боис  вояга етмаган шахс бирон ҳуқуқбузарлик содир этса,  бунинг учун жавобгарлик энг аввал, унинг ота-онаси ёки васийси этиб тайинланган шахсларга  юклатилади.

Сизнинг жиянингиз тартибсизликни мактабдан ташқарида амалга оширган.  Ота-она фарзандининг мактабдан чиқиб, ўз  вақтида уйига етиб келишини назорат қилиши керак. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддасида “Ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан вояга етмаган болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик, шу жумладан, вояга етмаган болаларнинг маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишига олиб келиши — базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади” деган  банд мавжуд.

Ўзбекистон республикаси Оила  кодексининг 73-моддасида  эса “Ота-она ўз болаларини тарбиялаш ҳуқуқига эга ва тарбиялаши шарт. Ота-она ўз болаларининг тарбияси ва камолоти учун жавобгардир. Улар ўз болаларининг соғлиғи, жисмоний, руҳий, маънавий ва аҳлоқий камолоти ҳақида ғамхўрлик қилишлари шарт” дейилган. Жиянингизнинг дарсдан кейин сўроқсиз жамоат жойларида сайр қилиб юриши ва  ҳуқуқбузарлик содир этишига олиб келган сабаб бу ота-онанинг бепарволиги ва назоратсизлиги, бола тарбиясидаги эътиборсизлигидир.  Улар вояга етмаган фарзандига 24 соат давомида масъул шахслар ҳисобланади. Шунинг учун бундай ҳолатда жавобгарлик фақатгина ота-онага юклатилади.

Саволга Андижон шаҳар ички ишлар органларини мувофиқлаштириш бошқармаси вояга етмаганлар масаласи бўйича катта инспектор психологи, катта лейтенант Иномжон АЗИЗОВ жавоб берди.