ЭЪТИБОРГА МУНОСИБ ЖАВОБ БЕРАМИЗ

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва халқимизга тақдим этилган навбатдаги Мурожаатномаси менда катта масъулият ва юксак ишонч уйғотди. Бу Мурожаат нафақат давлатимизнинг эришаётган ютуқлари сарҳисоби, балки биз — ёшлар олдига қўйилган улкан вазифалар ва ишонч рамзи демакдир.

Давлатимиз раҳбари бизни фақат билим олувчи эмас, балки иқти­содиётнинг фаол иштирокчиси, тадбиркор, инноватор ва етакчи куч сифатида баҳоламоқда. Ёшларга бўлган эътибор, қўллаб-қувватлашлар замирида эртанги кунга бўлган ишонч мужассам. Бу ишончни оқлаш ҳар биримизнинг бурчимиз. Давр бизни изланишга, чуқур билим олишга, замонавий касбларни эгаллашга ундамоқда.
Мамлакатимиз тараққиёти йўлида ёшларнинг сиёсий-ҳуқуқий фаоллигини ошириш долзарб вазифалардан бирига айланди. Янги Ўзбекистон фарзандларининг илм-фан, спорт соҳасида эришаётган ютуқлари бу соҳадаги ислоҳотларни янги, янада юқори босқичга кўтаришимиз учун зарур шароитларни юзага келтираётгани ҳеч кимга сир эмас. Олдимизда катта масъулият — Ўзбекистонни янада ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшиш вазифаси турибди.
Мен касбим орқали халқимизга хизмат қилиш баробарида тенгдошларим орасида тарғибот ишларини олиб боришни фуқаролик бурчим деб биламан. Аҳолига сифатли банк хизматлари кўрсатиш долзарб вазифалардан. Иқтисоодиётимизнинг юксалиши ва соҳага бўлган эътибор мени ўз устимда ишлашга, изланишга ундамоқда.
Мурожаатномада таъкидланганидек, 2026 йилда юртимизда Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар талабалари ўртасида муҳандислик йўналишларида, Туркий давлатлар техникумлари ўқувчилари ўртасида касб йўналишларида халқаро олимпиадалар ўтказилади. Ана шу мусобақаларда тенгдошларим фаол иштирок этадилар. Бу уларнинг яратилган имкониятларга муносиб жавоби, Ватанимизни ривожланган спорт ва илм-фан мамлакатига айлантириш, унинг обрў эътиборини юксалтиришга қўшган ҳиссаси бўлади.

Бобуржон Расулов,
Қўқон универсал банк хизматлари офиси юридик мижозларга хизмат кўрсатиш бўлими етакчи менежери