ЯРОҚСИЗ МАҲСУЛОТ УЧУН КИМ ЖАВОБГАР?
Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фондининг грант лойиҳаси асосида
— Бозор ва савдо дўконларидан сотиб олган маҳсулотларимнинг сифатсизлиги билан боғлиқ ҳолатларга тез-тез дуч келиб тураман. Сотувчи мақтаб сотади, фойдаланмоқчи бўлганимизда аксини кўрамиз. Охирги марта савдо дўкондан соч қуритгич ҳарид қилдим, лекин икки-уч марта фойдаланганимдан кейиноқ ишдан чиқди. Бундай вазиятларга биргина мен эмас, кўпчилик дуч келиб турса керак. Чунки бозор ва дўконларда ҳам маҳсулотнинг сифатига кафолат берилмайди. Биз харидорлар эса пулимизга куйиб қолаверамиз. Аслида сотувчи маҳсулотнинг сифатига жавоб бериши керакми? Харидорнинг ҳуқуқлари қайси ҳолатда, кимлар томонидан ҳимоя қилинади?
О.ЗОКИРОВА,
Жалақудуқ тумани
— Ҳар бир маҳсулотнинг сифати учун ишлаб чиқарувчи ва сотувчи жавобгар ҳисобланади. Маҳсулот савдога чиқарилганида қонун ва ўрнатилган стандарт меъёрларига мувофиқ бўлиши лозим. Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 13-моддасига кўра, истеъмолчининг сотиб олган товари нуқсонли чиқса ва бу ҳақида у огоҳлантирилмаган бўлса, сотувчидан маҳсулотни бошқа сифатлисига алмаштириб беришни, харид нархини тегишинча қайта ҳисоб-китоб қилишни, кўрилган зарарни қоплашни талаб қилишга ҳақли.
Ушбу Қонуннинг 14-моддасига асосан истеъмолчи товарнинг камчиликлари ёки бошқа нуқсонларини аниқлаган тақдирда сотувчи (ишлаб чиқарувчи) уни айни шундай маркали товарга етти кундан йигирма кунгача бўлган муддатда алмаштириб бериши шарт. Айни шундай маркали товар бўлмаган тақдирда, истеъмолчининг алмаштириб бериш хусусидаги талаби даъво қилинган пайтдан эътиборан бир ой ичида қондирилиши керак. Чўл ва олис жойларда, товарлар вақти-вақти билан олиб бориладиган жойларда истеъмолчининг бундай талаби ушбу жойларга навбатдаги товар етказиб бериш учун кетадиган муддат ичида, лекин икки ойдан кечиктирмай қондирилиши лозим.
Қонуннинг 23-моддасига кўра, давлат истеъмолчиларнинг товар (иш, хизмат) сотиб олиши ва ундан фойдаланиш чоғидаги ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатлари ҳимоя қилинишини кафолатлайди.
Қуйидагилар истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун махсус ваколат берилган давлат органларидир:
— Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги;
— Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги;
— Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги;
— Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги;
— Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси;
— истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилишини ўз ваколатлари доирасида назорат қилувчи бошқа давлат бошқаруви органлари.
Саволга ҳуқуқшунос Жамолиддин МАМИТОВ жавоб берди.

