«Osago» тизимида ўзгаришлар:

ЯНГИ ТАРИФЛАР ВА КЕНГАЙТИРИЛГАН СУҒУРТА ҚОПЛАМИ

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 23 июлдаги  қарори асосида 2026 йил 1 январдан Ўзбекистонда автотранспорт воситалари эгаларининг мажбурий фуқаролик жавобгарлигини суғурталаш (OSAGO) бўйича янги тарифлар кучга кирди. Мазкур ўзгаришларга мувофиқ, OSAGO суғурта полисининг қиймати ўртача тўрт баробарга оширилди, суғурта қопламаси эса икки баробарга кенгайтирилди. Ушбу чора-тадбирлар суғурта бозорининг молиявий барқарорлигини таъминлаш ҳамда йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида жабрланган шахсларнинг манфаатларини янада ишончли ҳимоялашга қаратилган.

Янги тарифларга кўра, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида рўйхатдан ўтган енгил автомобиллар учун ҳайдовчилар сони чекланган OSAGO полиси 192 минг сўм, ҳайдовчилар сони чекланмаган, яъни ВИП турдаги полис эса 384 минг сўм этиб белгиланди. Республиканинг бошқа ҳудудларида ушбу кўрсаткичлар мос равишда 160 минг ва 320 минг сўмни ташкил этади. Юк автомобиллари учун, жумладан, “Лабо” русумли транспорт воситалари бў­йича Тошкент шаҳрида суғурта полиси қиймати полис турига қараб 336 минг сўмдан 672 минг сўмгача. МДҲ давлатларидан Ўзбекистонга кириб келаётган автотранспорт воситалари учун ҳам алоҳида тарифлар жорий этилиб, енгил автомобиллар учун 320 мингдан 640 минг сўмгача, юк автомобиллари учун эса 560 мингдан 1 миллион 120 минг сўмгача этиб белгиланди.

Тарифларнинг оширилишига суғурта компаниялари фаолиятида кузатилган юқори зарар кўрсаткич­лари сабаб бўлди. Хусусан, Тошкент шаҳрида OSAGO бўйича зарар даражаси 146 фоизга етиб, йиғилган суғурта мукофотларидан кўра тўловлар ҳажми сезиларли даражада ошган. Бундан ташқари, амалда бўлган суғурта лимитлари реал йўл-транспорт ҳодисалари оқибатларини қоплаш учун етарли эмаслиги, 14 миллион сўмлик таъмирлаш лимити кўплаб ҳолатларда автомобиль эгаларини қўшимча харажатлар билан юзма-юз қолдираётгани аниқланган.

2026 йилдан бошлаб OSAGO бўйича умумий суғурта қоплами 40 миллион сўмдан 80 миллион сўмга оширилди. Мазкур маблағларнинг 35 фоизи учинчи шахсларнинг мулкига етказилган зарарни қоплашга, 65 фоизи эса соғлиққа етказилган зарар учун йўналтирилади. Ушбу ўзгаришлар жабрланган томонларнинг ҳуқуқларини янада кенгроқ ҳимоя қилиш имконини берсада, мутахассислар қиммат автомобиллар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисалари ҳолатида ихтиёрий KASKO суғуртасининг аҳамияти ҳануз юқори эканини таъкидлашмоқда.

2025 йил 31 декабрга қадар OSAGO полисини расмийлаштирган автотранспорт эгалари 2026 йил давомида эски тарифлар асосида ҳаракатланиш ҳуқуқига эга бўлиб, суғурта қопламаси пастроқ бўлишига қарамай, ўртача 150 минг сўмгача маблағни тежаш имкониятига эга бўлдилар.

Мазкур янги тарифлар белгиланган тартибда амалиётга жорий этилди.

Ҳакимжон Нишонов,

“HAMKOR SUG‘URTA” АЖ маркетинг ва рекламани ривожлантириш бўлими бошлиғи