МИНГТЕПА —ҚАДИМИЙ ЦИВИЛИЗАЦИЯ ВА ЗАМОНАВИЙ ИСТИҚБОЛ ЧОРРАҲАСИДА

Кейинги йилларда мамлакатимизда қадимий тарихий қадриятлар, маънавий-маданий меросни асраб-авайлаш, сақлаш, улардан фойдаланиш, ушбу соҳада илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш борасида сезиларли ишлар амалга оширилмоқда. “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида ҳам миллий ўзликни англаш, буюк аждодларимиз қолдирган бебаҳо маънавий ва маданий меросни асраб-авайлаш устувор вазифалардан бири этиб белгиланган.
Республикамизда саккиз мингдан ортиқ маданий мерос объекти мавжуд. Ушбу хазиналар ичида Андижоннинг Марҳамат туманидаги “Мингтепа” қалъаси тарихий аҳамияти билан ажралиб туради.


Мингтепа – шунчаки археологик қазишма эмас, милоддан аввалги V асрларда мавжуд бўлган қудратли Довон давлати пойтахти – Эрши шаҳрининг тирик харобаларидир. Фарғона водийси, Қирғизистоннинг Ўш ва Тожикистоннинг Хўжанд вилоятларини ўз ичига олган бу давлат қадимда ўзининг “самовий отлари” ва юксак шаҳарсозлик маданияти билан машҳур бўлган. Олимларнинг хулосасига кўра, Мингтепа дунёда катталиги ва сақланиш даражаси бўйича Италиядаги машҳур Помпеи шаҳри билан беллаша оладиган ягона ёдгорлик саналади.
Қалъанинг ички шаҳри 41,2 гектар, ташқи қисми эса 320 гектар майдонни эгаллагани унинг ўз даврида нақадар йирик шаҳар бўлганидан далолат беради. Мудофаа тизими ҳам ҳайратланарли – ички шаҳар атрофида 64 та минора бўлган, улардан 52 таси бугунги кунгача етиб келган. Минораларнинг баландлиги 18 метрни, бурчак­лардаги буржлар эса 24 метрни ташкил этган. Шаҳар деворларининг 8-10 метрлик баландлиги, 7 метрлик эни қалъани забт этиб бўлмас қўрғонга айлантирган.
Хитой олимларининг эътироф этишича, Мингтепа Шарқ ва Ғарбни боғлаган Буюк Ипак йўли маданиятларининг интеграциялашувини ўрганишда ўзига хос боғловчи шаҳар ҳисобланади.
Таъкидлаш лозимки, 2012 йилдан буён Марҳамат туманида халқаро экспедициялар фаолият кўрсатиб, хитойлик ва маҳаллий мутахассислар иштирокида қазишма ишлари олиб борилмоқда. Ушбу тадқиқотлар натижасида антик даврга оид ноёб осори атиқалар топил­ган, объектга кириш қисми эса тарихий асослар бўйича консервация қилинган.


2018 йилда ташкил этилган “Мингтепа – маданий мерос” жамоат фонди томонидан ўтган йиллар давомида очиқ ва ёпиқ “Мингтепа” тарихий музейлари ташкил этилди. Йўл бўйларида “Қўнарға” рамзий маскани ва “самовий отлар карвони” хиёбонлари яратилди, сайёҳлар учун WI-FI зоналари ва замонавий инфратузилма шохобчалари барпо этилди.
Шунингдек, ҳудудда тиббиёт, гастрономик ва экотуризм йўналишларида 20 дан ортиқ янги туристик объектлар, жумладан, “Марҳамат чини сомсалари” марказлари ва “Дарахтлар устидаги оромгоҳ” каби этномасканлар яратилган.
Дунё тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, Мингтепа каби ноёб археологик ёдгорликларни нафақат тарихий мерос, балки кучли иқтисодий ва туристик драйверга айлантириш мумкин. Мисол учун, Италия маданий меросни муҳофаза қилишни давлат сиёсатининг устувор йўналишига айлантирган. Помпеи шаҳри мисолида антик ёдгорликларни сақлаш ва улардан фойдаланиш юксак даражага кўтарилган.
Хитойнинг Лоянь ва Чанань шаҳарларида улкан “Очиқ осмон остидаги музей”лар барпо этилиб, ушбу давлат миллий меросини глобал бренд­га айлантирган. Испания ва Қозоғистон маданий меросни тиклаш бўйича давлат дастурларини амалга ошириб келмоқда. Бу мамлакатларда миллий тарихни тарғиб қилиш орқали хорижий инвес­торлар фаол жалб этилмоқда.
“Мингтепа” археология ёдгорлиги нафақат Ўзбекистон, балки жаҳон цивилизациясининг ажралмас қисмидир. Объектнинг тўлиқ салоҳиятини юзага чиқариш учун ҳали амалга ошириладиган ишлар, ечимини кутаётган муаммолар талайгина. Қазишма ишларини жадаллаштириш, топилган ашёларни бус-бутун сақлаш ва ҳудудни ободонлаштириш ҳамда инфратузилмани замон талаблари асосида ривожлантириш учун қўшимча маблағ, ташаббус ва комплекс ёндашув зарур.
Хулоса қилиб айтганда, “Мингтепа” ёдгорлигини муҳофаза қилиш ва илмий тадқиқ этиш – фақат тарихий масъулият эмас, балки миллий ўзликни англаш ва аждодларнинг инсоният цивилизациясига қўшган беназир ҳиссасини келажак авлодларга бекаму-кўст етказишдаги стратегик вазифалардан биридир.

Адҳамжон Узоқжонов,
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази Андижон вилоят ҳудудий бўлинмаси бош мутахассиси