ҚАДОҚЛАНГАН МЕВАЛАР ЖАҲОН БОЗОРЛАРИДА

Фарғона вилоятида мева ва сабзавот етиштиришда катта тажриба мактаби яратилган. Уларнинг етиштирган маҳсулотлари мазалилиги ва сифати билан доим дастурхон безаги. Миришкор деҳқонлар ердан самарали фойдаланиб, яхшигина даромад топаётгани ҳам ўрганишга арзирли.

Кейинги йилларда бу фаолият янада кенгаймоқда. Боғлардаги сархил меваларга ички бозордан ташқари хорижий давлатларда ҳам талаб ортди. Бу ўз-ўзидан мевани қуритиш, қайта ишлаш ва қадоқлашни талаб этмоқда.

Яйпан туманидаги Машрабжон Маматқулов раҳбарлигидаги “Yahyoxon treyd-2020” оилавий корхонасини ташкил этишда шу мақсад кўзда тутилди. Бундан тўрт йил аввал фермер хўжаликлари ва аҳоли талабидан келиб чиқиб иш бошлаган мазкур корхона фаолияти тез ривожланиб борди. Аввалига маҳсулот етиштирувчилар ва қайта ишловчи корхоналар ўрганилди. Шунчаки қуритилган мева билан Жаҳон бозорида ўрин эгаллаб бўлмаслиги аниқланди. Харидорга манзур бўлиш учун қайта ишлаш билан бир қаторда пардозлаш ва қадоқланган ҳолда экспорт қилиш режалаштирилди.

Корхонанинг боғдорчилик кенг ривожланган ҳудудда жойлашгани ва ташкилотчиларнинг кўп йиллик тажрибага эга экани қўл келди. 2025 йилда  ўз бренди билан қуритилган меваларни қадоқланган ҳолда Хитой, Туркия ва Озарбайжон каби ўндан ортиқ давлатга етказиб бериш йўлга қўйилди. Йил якунида жами 3,5 мил­лион долларлик маҳсулот сотил­гани иқтисодий юксалишга эришилаётганини кўрсатди. Жорий йилнинг ўтган даврида бу рақам янада ортди.


— Қишлоқ хўжалиги маҳсу­лотлари, шу жумладан, мева-сабзавотларни қайта ишлашни йўлга қўйиш орқали ишлаб чиқарувчи учун қўшимча барқарор даромад манбаи яратилади, — дейди корхона раҳбари. — Маҳсулотни қайта ишлаш орқали унга қўшимча қиймат қўшилади, яъни маҳсулотнинг қиймати ортиб боради. Буни йўлга қўйишда, аввало, хомашё базасининг етарли бўлиши ва мавжуд хом­ашё ҳажмидан келиб чиққан ҳолда харид қилиб, ўрнатиладиган қайта ишлаш ускунасининг қувватини тўғри танланишига эътибор қаратиш лозим. Бу борада аниқ режа асосида иш бошлаганимиз ўз самарасини беряпти.

Тадбиркорнинг таъкидлашича, яна бир асосий жиҳат ишлаб чиқарилган маҳсулот учун бозор масаласидир. Айниқса, экспорт масаласида талаб катта. Агар ишлаб чиқариладиган маҳсулот экспорт қилинадиган бўлса, сотиб олувчи давлатнинг стандарт талабларига тўлиқ жавоб бериши, шунингдек, маҳсулот нарх ва сифат жиҳатдан рақобатбардош бўлиши­лозим.

Айни вақтда Хитойнинг ўзига 5 турдаги қадоқланган маҳсулот етказиб берилмоқда. Бу йил хорижий давлатларга қовун экспортини ҳам  йўлга қўйиш кўзда тутиляпти. Бунинг учун ҳамкорлар билан шартномалар имзоланиб, бозор талаби ўрганилди.

Ҳар қандай истиқболли лойиҳа молиявий мустаҳкамлик билан ривожланади. Бу борада оилавий корхона ташкилотчилари муаммога ўрин йўқ, дея таъкидладилар. Сабаби, уларни Қўқон УБХО доим қўллаб-қувватлайди. Аввал­лари тадбиркорлар банк­ларга у қадар ишонмас, вақти­да пул муомаласи бўлмайди, деб қарарди. Бугун бутунлай бошқача. Ҳатто нақд пулда харид учун ҳам имконият яратил­гани қувонарли.

Иш қизғин кечаётган корхонадаги ҳаёт ҳавасингизни келтиради. Ишловчилар учун қулайликлар яратилган, замонавий дастгоҳлар қўл меҳнатини камайтирган. 30 дан зиёд ишчи ўртача 6-8 миллион сўм атрофида маош олаётганидан мамнун. Асосийси, улар ўз маҳсулотлари билан Ўзбекистон номини дунёга танитмоқда. 

А. НАСИРДИНОВ