МАЪЛУМОТЛАР УЧУН ЭНГ АНИҚ МАНБА
2018 йилда “Hamkorbank”нинг Жалақудуқ универсал банк хизматлари офисига ресепшн қилиб тайинландим. Банкка ташриф буюрувчилар билан доимий мулоқот орқали касбий тажрибам ўсди. Банкда яхши мутахассис бўлиш учун инсонда муомала ва билим уйғунликда бўлиши кераклигини тушундим. Чунки офисимиз энг гавжум тармоқлардан. Кунига 800-900 нафаргача турли йўналишдаги мижозларга хизмат кўрсатамиз.
2020 йилда менга кассирликни ишониб топширишди. Ишга бўлган ёндошувим туфайли масъулиятли вазифага тайинлашди, деган хулосага келдим. Ҳаётда ҳам ишда ҳам биз инсонлар фақат ўсишга, юқорига қараб интилишга ҳаракат қиламиз. 2025 йилда касса мудири вазифасига вакант борлиги учун ўзимни синаб кўришга қарор қилдим. Касса иши ва инкассация бошқармаси бошлиғи Муроджон Мақсудов ҳамда Банк инкассация бўлими бошлиғи Шерзодбек Эгамов суҳбатидан ўтиб, шу вазифада иш бошладим.
Кассадаги масъулиятни зиммасига олган ходим ишга эрта келиб, кечроқ кетиши табиий ҳолат. Унинг оилавий муҳити шу вазиятни тўғри қабул қилиши лозим. Менга ҳам оиламдагилар хотиржам ишлашим учун керакли шароитни яратиб берган. Уч нафар фарзандимга қайнота-қайнонам кўз-қулоқ бўлиб туради.
Банкдаги илк фаолиятим даврида “Hamkor press” билан яқиндан танишдим. Чунки ресепшн сифатида газетани мен қабул қилиб олар эдим. Нашрни илк бор варақлаганимда филиаллар ва ходимлар ҳамда уларнинг ютуқлари ҳақидаги мақолалар диққатимни тортган. Бошқа жамоалардаги ҳамкасбларимиз ҳақида билиш анча қизиқарли, қолаверса, фойдали эди. Ахир тажриба ўрганиш, мотивация олиш, албатта, ишимиз ривожи учун хизмат қилади. Кейинчалик ходимлар билан бирга мижозлар ҳақидаги мақолаларни ҳам қизиқиб ўқийдиган бўлдим. Уларнинг банкимиз ҳақидаги фикрларини билишни истардим. Сабаби, айнан мижоз баҳоси орқали ўз фаолиятимиздаги ютуқ ва камчиликларни билиб оламиз ва кейинги ҳаракатларимизни шунга йўналтирамиз.
Газета мутолаасига олдиндан қизиқаман. “Hamkor press”ни доимий кузатиб бораман. Банк фаолиятидан ташқари, саломатлик, муқаддас қадамжолар ҳақидаги материаллардан ўзим учун нимадир олишга ҳаракат қиламан. Газета-янги маълумотлар учун энг ишончли манба.
Таклифим шуки, банкимиздаги кадрлар тизими тобора марказлашиб бораётган бир пайтда шу тартибда ишлашнинг самарадорлиги, янги иш ўринлари, янги лавозимлар бўйича ҳам мақолалар ёзиб турилса мақсадга мувофиқ бўларди. Биз банк ходимларига дам олиш ва сайёҳлик масканлари тўғрисидаги маълумотлар ҳам муҳим. Чунки меҳнат таътилига чиққан пайтимизда қайси сиҳатгоҳга бориб дам олишни ўйлаб, иккиланамиз. Бундай муассасалар ҳақида газета орқали билиб борсак, танлов қилишимиз осон кечади.
Ўқувчи сифатида газетанинг жамият фаолиятидаги ўрни ва аҳамиятини ижобий баҳолайман. Банк тизимида бу самарадорликни оширувчи воситалардан бири деган фикрдаман.
Элёра ДАЛИЕВА,
Жалақудуқ УБХО касса амалиётлари бўлими мудири

