МИЖОЗНИНГ ДАШНОМИ унга рус тилини ўргатди
Бир тоифа инсонлар ишхонага пул учун, кун ўтказишга ёки раҳбаридан дашном эшитмаслик учун келса, бошқаси шахсий ишларини битиришга келади. Иккинчи тоифа одамлар эса баланд марраларни забт этишни истайди, ҳар бир вазифани сидқидилдан бажаради. “Hamkorbank”АТБнинг Нурафшон универсал банк хизматлари офиси чакана бизнес бўлими бошлиғи Азизбек Деҳқонов иккинчи тоифага киради. У касбини севадиган, ардоқлайдиган, билимли, салоҳиятли мутахассис. Ўз навбатида ташаббускор ходим.
Иш жараёнида ўз ғоялари, фаоллиги ва қўшимча масъулиятни зиммасига олишга тайёрлиги билан ажралиб туради. Соҳа сир-асрорларини билиш билангина чекланмай янгиликка интилиш, муаммоларга ечим топиш, жамоада соғлом муҳит яратиш унинг шиори.
Азизбекнинг “Hamkorbank”даги фаолияти 2005 йилдан бошланган. Аввалига Шаҳрихон УБХОда ишлади. Фронт офис, чакана бўлим, пул айирбошлаш, ВИП мижозлар билан ишлашда ўзини кўрсатди. Шоҳбекат мини банки бошлиғи сифатида мижозларни жалб қилишда бошқа БХОларга нисбатан устунлигини кўрсатди. У узоқ ўйлаб ўтирадиган мутахассис эмас. Кўпроқ таваккалчиликни хуш кўрадиган, қувноқ, серҳаракат инсон. Олдига қўйган мақсадига эришгунча тинчимайди. Давр талабига қараб салоҳиятини ошириб бораётган Азизбек рус тилини ўрганишга ундаган бир воқеани сўзлаб берди.
— Олмалиққа келганимда рус тили “ноль” эди менда. Рус миллатига мансуб бир аёл омонат қўйиш учун келганди. Мижозга хизмат кўрсатишни уддасидан чиқолмадим, чунки тил билмас эдим. “Нега банк ходими бўла туриб рус тилини билмайсан, билишинг шарт” деб роса уялтирган. Банкдаги барча ҳамкасбим, мижозлар олдида изза қилган, раҳбаримизгача шикоят қилганди. Ўзи курсга ёздириб “рус тилини ўрганасан ва ҳар гал келганимда менга фақат сен хизмат кўрсатасан” дея шарт қўйган. Эринмай ҳар куни қўнғироқ қиларди — доимий назоратига олган. Кейин билсам, Олмалиқ аҳолисининг асосий қисми рус миллатига мансуб экан. Бу воқеа унутилмас бўлиб қолган. Яширмайман, ўша пайтда аччиғим чиққани рост. Бироқ бир умр ўша мижоздан хурсандман. Ҳар гал унга хизмат кўрсатишимни талаб қилиб, мени иродамни мустаҳкамлаган ва ўз устимда ишлашга ўргатган. Ундан кейин инглиз тилини ўргандим. Фаолиятимда асқатяпти.
А. Деҳқонов 2022 йилда Нурафшон УБХОга келди. Бекобод БХОни ташкил этишда фаоллик кўрсатди. Ташландиқ бинони сотиб олиниши ва унинг бугунги ҳолатга келгунча бош-қош бўлди. Марказдан 110 км. масофани деярли ҳар куни босиб ўтарди.
Кунига юзлаб мижоз билан суҳбатлашиш, уларнинг саволларига жавоб бериш масъулият, эътибор ва сабр талаб этади. Азизбек бунинг уддасидан ўтяпти. Ва бир вақтнинг ўзида УБХО бошланғич касаба уюшма қўмитаси раиси вазифасини ҳам бажаришга улгуради. Бир қарасангиз, жамоа учун соғлом муҳит яратиш мақсадида спорт анжомлари олишга боради, бир қарасангиз тадбир уюштиришга киришиб кетади. Ҳамкасбларининг дам олиши, саёҳатга чиқиши, таътил вақтларини режали ташкиллаштириш масъулияти ҳам унинг зиммасида. Чаканадаги кўрсаткичлари ҳам жойида.
Ҳозирда мижозларни онлайн хизматларга жалб қилиш билан шуғулланаётган Азизбек Деҳқонов 4 та омонатчи қаторига кўпдан бери гаплашиб юрган танишини олиб ўтди. У катта корхона раҳбари. Энг йирик омонатчига айланди.
Қаҳрамонимиз араб тилини ўрганишга қизиқиши ортаётганини, янги ўқув йилидан Тошкент банк-молия академиясида иқтисодий билимларини оширмоқчи эканини билдирди. Омад ёр бўлсин.
Н. Иброҳимова.
Б.Муталлибов
олган сурат

