МЕН ҲАМ ШУ БАНКДАМАН
2005 йил Андижон муҳандислик иқтисодиёт институтини тамомлагач, турли молия ташкилотларида фаолият юритдим. Янаям аниқроқ айтадиган бўлсам, банк соҳасида катта тажрибага эга бўлдим, ҳаётим “рақамлар” билан ўтяпти.
Хўжаобод универсал банк хизматлари офисида иш бошлаганимга кўп бўлмади. Айни пайтда юридик мижозларга хизмат кўрсатиш бўлимида ишлаяпман. Кунига юзлаб инсонлар билан суҳбатлашаман, уларнинг саволларига жавоб бераман. Вазифам юридик мижозларни банк маҳсулотлари ва хизматлари билан таништириш, унинг устувор томонларини кўрсатиш масъулиятини юклайди, яъни ўзига яраша “инжиқликлари” бор. Бироқ ҳар бир юмушни сидқидилдан бажаришга ҳаракат қиламан.
Қисқа фурсатда ҳамкасбларим ва мижозлар ҳурматини қозонишга улгурдим, деб ўйлайман. Илгари бу молия ташкилоти тўғрисида, яратилган шароитлар, рағбатлар, мижозлари кўплиги ҳақида илиқ фикрларни эшитгандим. Чиндан ҳам шундай экан, гувоҳи бўлиб турибман. Қатъий тартиб, интизом — феъл-атворимдагидек талаб. Ва энг аввало, аҳил жамоа, мижозлар манфаатидаги устунлик. Банкнинг бошқалардан ажралиб турадиган имижи. Яқинда бир мижознинг “энди жойингизни топибсиз, бу ерда шароитлар зўр, ҳурмат топасиз” деган сўзларидан, очиғи, руҳланиб кетдим. Яқинларини ҳам бизнинг хизматларимиздан фойдаланишга таклиф қилганидан қувондим.
Илм излаган, янги лойиҳалар яратаётган, келажакка интилган ёшлар, тажрибали, узоқ йиллар фаол ишлаган ходимларни моддий ва маънавий қўллаб турган раҳбариятнинг эътиборини кўряпман. Айниқса, хорижий тилларни билганлар рағбатлантирилаётгани. “Hamkorbank”ни танлаб адашмаган эканман. Мустақиллик тенгдоши бўлган ушбу молия ташкилоти 35 йиллик юбилейи арафасида турибди — келажаги янада порлоқ бўлсин. Мен ҳам бу шодиёнада иштирок этаётганимдан фахрланаман.
Гулмира СИДДИҚОВА,
юридик мижозларга хизмат кўрсатиш бўлими етакчи менежери

