ЮКСАЛИШ ЙЎЛИДАМИЗ
“Hamkorbank” АТБ ташкил топганига 35 йил тўлди. Бу даврда ушбу молия ташкилоти машаққатли, шу билан бирга, шарафли иқтисодий йўлни босиб ўтди. 1991 йилдан то бугунги кунга қадар мамлакат миқёсида қатор минтақавий ҳамда универсал банк хизматлари офиси бўлган чет эл капитали иштирокидаги салоҳиятли муассасасага айланди. Улар қаторида бизнинг Хўжаобод универсал банк хизматлари офисининг борлиги қувонарли. Жамоамиз банкнинг тўнғичлари қаторида 30 йиллик юбилейини нишонлаш арафасида.
Албатта, бугунги қувончли дамларда эришилган ютуқларни сарҳисоб қилиш, забт этилган марраларнинг салмоғини ҳис этиш ўзгача ғурур бағишлайди. Бу иқтисодий юксакликка етишишда энг аввал, билим ва маҳорат, фидойилик, кадрлар салоҳиятининг муҳимлиги асосий омиллардан бўлди.
1996 йилда Хўжаобод туманидаги собиқ Киров совхозига қарашли бинонинг бир қисмида фаолият бошлаган Хўжаобод мини банкига илк бошқарувчи этиб Бахтиёр Режапов тайинланган. У инсон янги жойнинг ўзига яраша мураккабликларини билим ва маҳорати билан енгиб, тарихда қолди. Жамоа таркибида Гулнорахон Маматалиева бухгалтерия ҳисобини, Шерзодбек Акбаров, Гулчеҳра Умрзақовалар банк хизматларини олиб боришган. Тинимсиз ҳаракатлар натижаси қисқа фурсатда тумандаги кўзга кўринган корхона, ташкилотларнинг ҳисоб рақамларини шакллантиришда кўринди. Ўша пайтдаги энг йирик — “Хўжаобод шароб” ҳамда қоқи ишлаб чиқариш заводларининг ўнга яқини билан ҳамкорлик ўрнатилди. Аҳоли ишончини қозонишга муваффақ бўлиш учун бор имкониятлар ишга солинди. Ақл-идрок, меҳнат, изланиш, машаққат… мутахассислар саъйи ҳаракатлари билан мустаҳкам замин яратилгани бугун ижобий самара бермоқда.

1999 йил. Марказий банкда ишлардим. “Hamkorbank” функцияларини назорат қиламан. Ўша пайтда Ўктам Дўстматов таклифи билан Хўжаобод филиалига илк қадамимни босдим. Ички аудит тизимини йўлга қўйилишида иштироким муваффақиятли бўлди. Кейинроқ бошқарувчи ўринбосари лавозимида фаолият юритдим. 2004 йилдан бош банк хавфсизлик фаолияти тизимини йўлга қўйилишида фаол иштирок этдим. 2012 йилдан буён яна Хўжаободдаман.
“Hamkorbank”нинг қатъий тартиби мен ва жамоадаги ҳар бир ходимни ўз вазифасини сидқидилдан бажариш, оилада ва жамиятда ўз ўрнига эга бўлишда алоҳида аҳамиятга эга. Касб меҳри, шарафи аҳолига банк хизматлари кўрсатиш сифатини ошириш, мижозларга қулайликлар яратиш, ўзига нисбатан талабчанлик, молиявий барқарорликни таъминлаш ва банк иқтисодий салоҳиятини мустаҳкамлаш орқали намоён бўляпти.
Қарийб 288 та юридик (13 таси ВИП), 5 мингга яқин жисмоний мақомга эга мижозга 40 дан ортиқ ходим хизмат кўрсатади. Халқимиз хизматларимиздан тўлиғича хабардор. Талаб кун сайин ортаётган онлайн банк хизмат кўрсатиш имкониятларидан кенг фойдаланмоқда. Яъни ўз ҳисобварағидаги маблағлари бўйича операцияларни банкка бормасдан истаган вақтда интернет орқали бажариши, уларнинг ҳолати, маблағнинг келиб тушиши, тўловларнинг акс этишига доир маълумотларга эга бўляпти. Соатлаб навбат кутиб, бир қанча хонага кириб чиқишга мажбур бўладиган ҳолатга барҳам берилган. Ёқимли томони банк ходими томонидан барча муаммолар бир жойнинг ўзида ечилётганида, қисқа фурсатда барча ҳаракатлар якунланаётганида. Айниқса, жисмоний шахслар учун “Hamkor Mobile” иловаси халқаро карталарни тўлов карталари орқали исталган жойда онлайн тарзда конвертация қилинаётганидан кўпчилик мамнун. Шу билан бирга, ушбу илова ёрдамида ўз кредит тўловларини сўндириши, омонатларига ҳисобланган фоизларни кузатиб бориши ва жамғариб бориладиган пенсия таъминот тизимидаги тушган тўловлар ҳақидаги маълумотлардан хабардор бўлиши мумкин.
Ҳар лаҳзада ўзгариб бораётган ҳаёт тарзимизда замон билан ҳамнафас “Hamkorbank” янги-янги хизмат турларини жорий этишда илғор. “Биргаликда юксалиш сари” шиори билан одимлаётган банкимизнинг қутлуғ 35 ёши муборак бўлсин!
Ойбек МАМАДАЛИЕВ,
Хўжаобод УБХО бошқарувчиси

