ТАДБИРКОРГА МАДАДКОР “HAMKORBANK”

“Аъзам текс савдо сервис” МЧЖ наманганлик юртдошларимизга хос ишбилармонликнинг яна бир яққол намунасидир. Корхона 23 йилдан буён текстил соҳасида салмоқли натижаларга эришиб келмоқда.
Дастлаб фаолиятини тоза ипакдан атлас матоси тўқиб чиқаришдан бошлаган. Ўша пайтларда бу маҳсулотнинг харидорлари етарлича топилар эди. Кейинчалик кийиниш маданияти ўзгариб, атласга бўлган талаб камайди. Корхона фаолиятини пахта хом ашёсидан маҳсулот тайёрлашга йўналтирди. Йилдан-йилга ривожланишга юз тутиб, пахта толасини чуқур қайта ишлашга ўтди. Бугун маҳсулотлари дунё бозорини забт этмоқда. Сабаби, халқаро бозорда тоза пахтадан тайёрланган маҳсулотларга талаб ҳамиша юқори.
Ҳозирда “Аъзам текс савдо сервис” томонидан бозорга бир неча турдаги тўқимачилик маҳсулотлари “Azam teks” бренди остида сотувга чиқариляпти. Ётоқхона чойшаблари, сочиқ­лар, тиббиёт докалари, нотўқима буюмлар ана шулар жумласидан. Бу маҳсулотлар дизайни ва сифати билан ажралиб туради.
Корхона юқори сифатга ишлаб чиқариш жараёнини чуқурлаштириш усули орқали эришди. Яъни хом ашёни дастлабки ишловидан то тайёр маҳсулот ҳолатига келтирилгунигача бўлган жараённи амалга ошириб келмоқда. Пахта толаси дастлаб “Аъзам текс савдо сервис” таъсисчилигида Яккабоғ туманида ташкил қилинган “Универсал тараққиёт текстил” МЧЖда ип-калава ҳолатига келтирилади. Тайёр бўлган калава иплар Наманганга олиб келиниб, чуқур қайта ишлаш жараёнига йўналтирилади.
Айни пайтда ойига 500 минг погона метр қувватда маҳсулот тайёрланмоқда. Яқинда бу ҳажм 1 миллион погона метрга етади. Маҳсулотлар ички бозордан ташқари, Қозоғистон, Қирғизистон, Белоруссия, Россия ва Тожикистон давлатларига экспорт қилинади.
Ривожланиш сари яна бир дадил одим ташланиб, Россиянинг Иваново шаҳрида савдо уйини очиш ишлари олиб борилмоқда. Тез кунларда савдо уйида корхона маҳсулотларининг сотуви йўлга қўйилади. Шу тариқа молиявий ҳолати тобора барқарорлашиб бораётган МЧЖнинг даромадида ҳам ўсиш кузатилмоқда. Янги иш ўринлари яратиляпти. Ҳозирнинг ўзида 400 дан ортиқ киши иш билан таъминланган.
Биз корхона бош директори Исроил Бобоновдан юқори самарадорликнинг омиллари нималардан иборат эканлигини сўрадик.
— Аввало, тадбиркорлик бу замон билан ҳамнафас бўлиш, — деди корхона раҳбари. — Замонавий технологияларни ишлаб чиқаришга жорий этиш жуда муҳим. Бугун бизнесда инқирозга юз тутмаслик учун энергия тежовчи технологиялардан фойдаланиш керак. Йўқса, электрга бўлган тўловнинг ўзи харажатларнинг катта қисмини эгаллаб қўяди. Бозорни обдон ўрганмай туриб, бирон ишга қўл уриб бўлмайди. Маркетингга катта эътибор қаратиш лозим. Бозорга қараб маҳсулотга урғу берилади. Бугун бозор янгиликни хуш кўргани учун янги маҳсулот, янги ғоялар яратувчи мутахассисларни тайёрлашга ҳаракат қиляпмиз. Тўқимачилик йўналиши ҳамиша истиқболли бўлиб келган, бундан кейин ҳам муваффақиятли соҳа сифатида ривожланиб боради.
Суҳбатдошимизнинг “Ham­kor­bank” ҳақидаги фикрлари ҳам диққатимизни тортди.
— «Юксалиш» УБХОнинг мижози ҳисобланамиз. Тўрт йилдан буён “Hamkorbank” билан ҳамкорлик қилиб келамиз. Бу банк тадбиркорга ҳамиша мададкор, ҳар томонлама маслаҳатчи. Мурожаатлар бўйи­ча тезкор қарор чиқаради. Ходимлари бизнесда биздан кўра катта тажриба ва билимга эга. Шу боис ўз маслаҳатларини ҳеч қачон аямайди. Мен бу банкни тадбиркорга ҳамкор тажрибали тадбиркор сифатида кўраман.
Ҳа, бу гаплар айни ҳақиқат. Биз ҳам тараққиёт сари юз тутаётган “Аъзам текс савдо сервис” корхонасига янада баланд парвозлар тилаймиз.

Нигора ТЎХТАМАТОВА