КАСБИМ БЕРГАН БАХТ
Мустақиллик байрами яқинлашгани сайин кўнглимни ажиб ҳис-туйғулар эгаллаб бормоқда. Чунки истиқлолга тенгдош банкдаги 23 йиллик фаолиятим гўзал саҳифалар билан безатилди. Мен учун имконият ва инъом сифатида берилган касбимдан мамнунман. Шу пайтгача КPI кўрсаткичларимни 100 баллдан туширмасликка ҳаракат қилиб келяпман. Жамоада қадр топиш ва эътироф этилиш ҳам катта натижа. Менга «Самарали ва фаол ходим» дея берилган таъриф ортида ҳам ўзига яраша сабаблар бор.
Самарадорликнинг сабаблари
Ишдаги юқори кўрсаткичларимнинг асосий омили характеримда, деб ҳисоблайман. Болалигимдан феъл-атворимда масъулиятни сезиш ҳисси юқори бўлган. Бу феъл-атвор лицейдаги таҳсилда ҳам талабалик давримда ҳам фақат ютуқлар келтирди. Масъулиятлилигим ортидан институтда ўқиётганимда аввал гуруҳ етакчиси, кейин эса факультет касаба уюшмаси раиси этиб тайинланганман.
Касбий фаолият инсонни тобловчи жараён. Янги ишга келганимда қайси ходим иш буюрса, «йўқ» демай ўз вақтида бажаришга ҳаракат қилардим. Ҳозир ҳам шу тамойилдан воз кечмаганман. Ўз вазифамга масъулият ва қунт билан ёндашиш одат тусига айланган.
Самарадорлигимнинг иккинчи омили ҳамиша юқори чўққиларни забт этишга ҳаракат қилишимдир. Биринчи бошқарувчимиз Алишер ака “Тутаб ўтирма, ёнсанг бир тўла ён, ёниб ишла” деб айтарди. Мен ҳам худди шу фикр тарафдориман. Ё қойиллатиш ёки секингина бошқа иш билан шуғулланиб қўя қолиш керак.
Қатъий режа асосида ҳаракатланишим ҳам ютуқларим омилларидан бири деб биламан. Режали инсон кўзлаган натижасига эришмай қолмайди. Ҳар ўн кунда ўзимни ўзим назорат қилиб тураман. Мақсад — қайси кўрсаткичда кетаётганимни аниқлаш.
Ҳеч қачон ишдан қочманг
Айни пайтда ёшларга мураббий сифатида бириктирилганман. Ёш ходимлар энди иш бошлаганда ўз олами, ўзига хос дунёқараши бўлади. Ёшлик хаёллари баъзида панд бериб қўйиши ҳам мумкин. Уларни тўғри йўлга йўналтириш биз мураббийларнинг вазифамиз.
Шогирдларимга доим ҳеч қачон сизга ким иш буюришидан қатъи назар, йўқ деманг, ишдан қочманг, охиригача чиройли қилиб бажаринг. Бунинг натижасини кейин кўрасиз. Шу тарзда ўрганасиз, тажрибангиз, билимингиз ошади, ўсиб борасиз. Бир кун келиб қандай қилиб етук ходим бўлиб қолганингизни билмай қоласиз. Ишдан қочиш учун кўздан нари бўлиб юриш ривожлантирувчи йўл эмас, дея тушунтираман.
Хотиржам ишлашга нима етсин?
Йиллар давомида беш нафар бошқарувчи раҳбарлигида ишлаган бўлсам, фақат ўсдим ва меҳнатимнинг қадрланганини кўрдим. Энг муҳими, бу тизимда таниш-билишчилик тушунчалари йўқ. Ким раҳбар бўлиб келишидан қатъи назар, қилган меҳнатингизга қараб рағбатлантириласиз. Бошқарувчининг ўзгариши муносабатларга ва меҳнат муҳитига умуман таъсир кўрсатмайди.
Биласизми, энг катта хотиржамлик нимада? Ҳалол ишлашимизда. Бошқа банкларда ишлайдиган айрим танишларим раҳбарининг кўрсатмаси билан ноқонуний хатти-ҳаракатга йўл қўйгани учун ишдан кетишга мажбур бўлади.
Бизнинг банкимизда бундай хавотирга ўрин йўқ. Ҳамма белгиланган тартиб-қоида асосида иш олиб боради. Ҳеч ким сизга қонундан ташқари иш буюрмайди.
Мижоз мен учун …
Мижозлар билан ишлаш менда ҳеч қачон қийинчилик туғдирмаган. Аксинча, ҳар биридан янги нимадир оласиз. Айниқса, уларнинг банкимиз ҳақидаги илиқ фикрлари биз ходимларни янада руҳлантиради. Тўғри агрессив, жиззаки мижозлар ҳам бўлади. Лекин чиройли муомала қилиб, ишини битириб берганингиздан сўнг кўнгли юмшаб, ташаккур айтади охирида.
Бугун ҳам иш вақти тугай деганда бир мижоз келди. “Жарима тўловим бор эди, кун охирлаяпти, улгуришим керак” деди шошилиб. Унинг вазиятини тушунган ҳолда дарҳол дастурга кириб, тўловини қилиб бердим. Ҳалиги мижоз шунақа хурсанд бўлдики, қувонганидан “Hamkorbank”ни бекорга мақташмаган экан,” деди. Кейин эса “сиздек инсонлар кўпайсин” деб икки-уч бор такрорлади. Бу сўзларни эшитиб, кайфиятим чоғ бўлди.
Аёлнинг шукронаси бўлади
Биз аёллар, аввало, касбимизга бўлган муҳаббатимиз, садоқатимиз ва ҳаётга бўлган шукроналигимиз билан қадр топамиз. Турмуш ўртоғим ҳам банк ходими бўлгани учун бир-биримизни тушуниш осон кечади. Уч нафар фарзандим ўзи ўқиётган мактаб ва олийгоҳнинг энг олди ўқувчиларидан. Катта ўғлим Тошкент халқаро Вестминстер университетининг иккинчи курсини тамомлади. Шу фарзандим деярли банкда улғайди. Мижозлар ҳазиллашиб, унга “Ҳамкорбек” деб исм қўйиб олишганди. 2-синфдалигидаёқ банкоматдан ёши катта отахон-онахонларга пластикдан пул ечиб беришга ёрдамлашарди. Фарзандимнинг бу каби эркин хатти-ҳаракати жамоамдаги самимийлик, бағрикенгликдан деб биламан.
УБХОдаги муҳитга фақат ҳавас қилиш мумкин. Бу ерда тарбия, қадриятлар, муносабатлар ўзгача. Ҳамма бир-бирига ҳурмат билан қарайди. Шунданми, оғир вазиятларда ҳам бошқа жойда ишлашга қизиқиб кўрмаганман. Яхшиликка интилиб, ҳаётнинг бор гўзаллигидан баҳра олиб яшашга нима етсин.
Шаҳноза ҒОФУРОВА,
Марғилон УБХО универсал менежери

