“HAMKORBANK” АТБ БОШҚАРУВИ РАИСИ БАХТИЁРЖОН ЖЎРАЕВНИНГ ЯНГИ ЙИЛ ТАБРИГИ
Азиз ҳамкасблар!
Қадрли мижозлар ва ҳамкорларимиз!
Барчангизни кириб келаётган янги — 2026 йил билан самимий муборакбод этиб, сизларга тинчлик-омонлик, сихат-саломатлик, хонадонларингизга қут-барака тилашни ўзим учун катта бахт, деб биламан. Келаётган йил омадли ва ютуқларга бой бўлсин.
Ҳар гал Янги йилни кутиб олар эканмиз, беихтиёр вақтнинг азим дарёдек шиддат билан ўтишига яна бир бор гувоҳ бўламиз ва ҳаётимизнинг янги бир довонига қадам қўйишни бошлаймиз. Шуни қайд этиш керакки, якунига етаётган йил биз учун эсда қоларли бўлди. Иқтисодиётдаги ўзгаришлар ва амалга оширилаётган ислоҳотларда жамоамиз фаол иштирок этди. Ютуқ ва марралар кўп бўлди. Бунда ҳар бирингизнинг муносиб ҳиссангиз бор.
Молия бозоридаги рақобат бизни доим изланишга, янги лойиҳалар устида ишлашга, замонавий ва сифатли хизмат кўрсатишга ундамоқда. Шундан келиб чиқиб, маҳсулотларимиз сони ошди, мижозлар талабини қондириш ва қўллаб-қувватлаш йўлида қатор янги ташаббуслар амалга оширилди. Халқаро майдонда ҳам истиқболли лойиҳалар илгари сурилди. Ҳамкорлик йўлида янги қадамлар ташланди.
Йилнинг энг катта ютуқларидан бири — Ислом тараққиёт банки гуруҳининг аъзоси бўлган халқаро Ислом савдо Молия корпорацияси билан ҳамкорлигимиз мустаҳкамланди. Қўшимча 30 миллион АҚШ долларлик молиялаштириш объектининг синдикатлаштирилган линияси кенгайтирилди. Бу ҳамкорлик хусусий сектор ўсишини қўллаб-қувватлаш, аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш, яшил молияни ривожлантириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини оширишга қаратилган бўлиб, Ўзбекистоннинг миллий ривожланиш устувор йўналишларига мос келади.
Йил давомида аксарият муассасаларимиз янги қиёфага кирди. Мижозларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш мақсадида замонавий Тест рақамли банк хизматлари офиси ташкил этилди. Ғузор, Булунғур, Боғот ва Қўштепа банк хизматлари офислари ўз фаолиятини бошлади. Шунингдек, 3 та БХО янги жойга кўчирилди. Бу мижозлар ва ҳамкорларимизнинг банкимизга бўлган ишончини янада оширди.
Бугун фахр билан айтиш мумкин, тижорат банклари орасида молиявий натижалар, активлар, кредитлар ва мижозлар портфели каби қатор устувор кўрсаткичлар рейтингида олдинги ўринлардамиз. Мақсадимиз — 2026 йилда ҳам фаоллик билан иш олиб бориб, даромадларимизни ошириш. Асосийси, молия бозоридаги ўрнимизни мустаҳкамлаш.
Янги йил байрами билан яна бир бор қутлаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт, хонадонларингизга тинчлик ва файзу барака тилайман.
Янги йилингиз муборак бўлсин!

