ДУНЁ БИЛИМЛИЛАРГА БЎЙ КЎРСАТАДИ
Буни атрофимда замон билан ҳамнафас яшаётган, изланаётган ва интилаётган ёхуд муваффақиятларга эришаётган тенгдошларим мисолида кўряпман.
Болалигимда бир қўшнимиз ҳисобчи бўлиб ишларди. Жуда тартибли эди. Уни ишга кетиши ва келишини кўп кузатардим — ҳавас қилардим. Аниқ фанлардан яхши ўқиганим учун у кишига ўхшаб ҳисобчи бўлишни ният қилдим. Мактабни тамомлаш арафасида қўлимга бир китоб тушиб қолди. Унда Ўзбекистондаги барча институт, университетларнинг рўйхати бор эди. Рўйхатнинг тепасида турган Тошкент Молия институтига кўзим тушган. Бошқасига қарамаганман ҳам. Ҳужжатларимни шу олийгоҳнинг банк иши факультетига топширдим. Ниятнинг ўзигина орзуларга етказмаслиги аниқ. Демак, мустаҳкам билим олиш керак. Ўз устимда ишладим, хориж давлатлар иқтисодиётига қизиқдим.
Институтнинг фаол талабаларидан бўлганман. Эсимда, битирувчи талабалар учун “Карьера куни” бўларди. Ўшанда “Hamkorbank” вакиллари келиб, талабалар билан суҳбат ўтказарди. Мен ҳам суҳбатда қатнашдим. 10 кун ўтгач институтнинг эълонлар доскасида банкда ишлаш имконини қўлга киритган талабалар қаторида исми-фамилиям турибди-ю. Ана омад, ана бахт… Шартнома тузилиб, стипендиясини ҳам олганман.
2011 йил ўқишни тамомлагач, ҳеч иккиланмай болалигим ўтган Термиз шаҳридаги банк филиалида иш бошладим. Ўша кезларда орзуларим амалга ошаётганидан хурсанд эдим. Дастлаб кассада, чакана ҳамда фронт офис (сотиш) бўлимларида ишлаб, банкнинг ҳар бир ходимидан ниманидир ўзлаштирдим. Бугун бу банкни танлаб адашмаганимдан хурсандман.
Авиасозлик универсал банк хизматлари офисига келганимга ҳали кўп бўлмади. Устоз сифатида Бахтиёр Муродовдан касб сирларини ўрганяпман. Жамоадаги ҳамкасбларимдан нимадир оламан — одатим шундай. Айни пайтда йирик ва ВИП мижозларга сифатли хизмат кўрсатаман. Кўрсаткичларим ижобий. 41 та актив мижозлар “ҳаёти” билан яшаш мароқли.
Инсон бир касбга меҳр қўйиб, уни севиб, ардоқласа ва ушбу касбни улуғласа, ҳурмат қозонар экан. Мен билган ва таниган банк ходимлари ичида умрини касбини севишга ҳамда ривожлантиришга сарфлаган фидойи инсонлар кўп. Мен ҳам улар қаторида бўлишни истайман. Ота-онамдан намуна олиб ўқиш, изланиш ва ўз устида ишлаш каби муҳим хислатларни ўзлаштирганим боис орзуларимга етяпман. Улар яратган муҳит, тарбия бугунгача эришганларим замиридаги муҳим омиллардир.
Ҳар доим кимгадир нафи тегадиган ишлар қилиш, уларнинг ҳаётини бир оз бўлса ҳам яхши тарафга ўзгартиришга ҳаракат қиламан. Нафақат банк, балки жамиятдаги ижобий ўзгаришларга ўз ҳиссамни қўшиш мақсадидаман. “Hamkorbank”нинг ҳар томонлама етук ва билимдон ёшлари қаторида бўлишга интилмоқдаман. Айтишади-ку: “дунё фақат билимлиларга бўй кўрсатади”.
Сунатилло МИРЗАЕВ,
Авиасозлик УБХО йирик ва ВИП мижозларга хизмат кўрсатувчи менежер

