ЕТАКЧИЛИКНИ ҚЎЛДАН БЕРМАЙМИЗ
“Hamkorbank”нинг илғор тармоқларидан бирига айланиб бораётган “Шоҳсарой” банк хизматлари офиси Тошкент шаҳри Юнусобод туманида жойлашган. 2018 йилда ўз фаолиятига тамал тошини қўйган муассасанинг ишга тушиши аҳолига катта қулайлик яратди.
Шу ерлик фуқаролар узоққа бормасдан туриб ўз яшаш ҳудуди яқинида омонат, кредит, пул ўтказмалари, тўловлар ва бошқа молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятига эга бўлди. Мижозларнинг вақти тежалиб, “Hamkorbank”ка бўлган ишончи янада ортди.
Тўрт нафар ходимдан ташкил топган жамоамиз учун 2026 йил самарали келди, дея айта оламан. Дастлабки олти ойлик натижаларига кўра, “Hamkorbank” нинг 1-гуруҳ БХОлари орасида биринчи ўринни эгалладик. Бундай муваффақиятга олдинги йилларда ҳам эришганмиз. Албатта, ғолиблик ҳиссиётини сўз билан таърифлаб бўлмайди. Ўз ишингизни мукаммал адо этиш ва буни бошқалар томонидан эътироф этилишидан ёқимлироқ туйғу бўлмаса керак.
Жамоамиз билан астойдил ҳаракат қилиб, кўрсаткичларимизни ўстиришга бор эътиборимизни қаратдик. Натижада ярим йиллик бўйича базавий фойда режаси 114 фоизга, тезлаштирилган фойда режаси 107 фоизга бажарилди. Келтирилган фойда ҳар бир ходимга ойига ўртача 141 миллион сўмданга тўғри келди. Эришилган ютуқларда барча ходимларимизнинг ўзига яраша ҳиссаси бўлди.
Жамоамиз катта бўлмасада бир тану бир жон бўлиб ишлайди. Мижозларга индивудиал ёндошамиз, бу эса уларнинг сони янада ортишига сабаб бўлмоқда. Мурожаатчи биздан илиқ муомала ва сифатли хизматни хоҳлайди. Бундай истаги қондирилган жойни сўзсиз танлайди. Шу боис мижозларнинг эҳтиёжини чуқур ўрганиш орқали уларга тезкор ва шаффоф хизмат кўрсатишга ҳаракат қиламиз. Кўрсаткичларимизнинг йилдан-йилга ошиб бораётганига айнан мана шу омил сабаб бўлмоқда.
Албатта, ғалаба иштиёқи шу ютуқ билан тўхтаб қолгани йўқ. Иккинчи олти ойлик учун ҳам аниқ мақсад ва вазифаларни белгилаб олдик. Мижозлар базасини кенгайтириш, банк маҳсулотлари ва хизматлари ҳажми, сифати ҳамда ходимлар самарадорлигини ошириш, рақамли хизматлардан фойдаланишни оммалаштириш каби амалиётлар алоҳида кўзда тутилган. Ушбу режаларни изчил амалга ошириш орқали йил якунини юқори натижалар билан тамомлаб, етакчилик мавқеини сақлаб қолмоқчимиз.
Зокир МУСТАФАЕВ,
“Шоҳсарой” БХО бошлиғи

