ИШСИЗ АЛИМЕНТ ТЎЛОВЧИЛАР
Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фондининг грант лойиҳаси асосида
Оилавий муносабатларнинг ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиниши жамият барқарорлиги ва болаларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этади. Хусусан, алимент мажбуриятлари ота-онанинг ўз фарзандлари олдидаги қонуний бурчи сифатида белгиланган бўлиб, мазкур мажбуриятларнинг бажарилиши ота-онанинг меҳнатга лаёқатли ёки иш билан таъминланган-эмаслигидан қатъи назар таъминланади. Алимент муносабатларини тартибга солувчи асосий норматив-ҳуқуқий ҳужжат — Оила кодекси ҳисобланади. Ушбу кодекс нормаларига мувофиқ, ота-оналар ўз болаларини вояга етгунига қадар моддий жиҳатдан таъминлашга мажбур бўлиб, никоҳ бекор қилинганидан кейин ҳам ушбу мажбурият сақланиб қолади.
Алимент тўловчининг ишсиз бўлиб қолиши уни алимент тўлаш мажбуриятидан озод этмайди. Оила кодексининг 96–100-моддаларида ота-онанинг вояга етмаган болаларини таъминлаш мажбурияти қатъий белгиланган. Қонунчиликка кўра, боланинг моддий таъминоти устувор аҳамиятга эга бўлиб, ота-онанинг шахсий молиявий қийинчиликлари боланинг ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўла олмайди. Агар алимент суд қарорига асосан даромад улуши тарзида белгиланган бўлса ва алимент тўловчи ишсиз бўлиб қолса, алимент миқдори қонунчиликда белгиланган энг кам иш ҳақи ёки белгиланган ўртача ойлик иш ҳақидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланиши мумкин.
Бу амалиёт боланинг минимал эҳтиёжларини кафолатли равишда таъминлашга қаратилган. Амалиётда алимент тўловчининг расмий иш жойига эга бўлмаган, бироқ норасмий даромад манбаларига эга бўлиши ҳолатлари ҳам учрайди. Бундай вазиятларда суд ижрочилари қонунчиликка мувофиқ равишда алимент тўловчининг мол-мулкий аҳволини, банк ҳисоб рақамларини, транспорт воситаларини ва бошқа мулкий манбаларини аниқлаш чораларини кўради.
Норасмий даромад мавжудлиги алимент тўлашдан қочиш учун асос сифатида қабул қилинмайди ва суд томонидан ҳисобга олинади. Алимент миқдорини ўзгартириш ёки қайта кўриб чиқиш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади. Агар алимент тўловчи ёки олувчининг молиявий ёки оилавий аҳволида сезиларли ўзгаришлар юз берса, томонлар ўзаро келишув асосида ёки суд тартибида алимент миқдорини қайта белгилаш масаласини кўтариш ҳуқуқига эга. Бироқ алимент тўлашдан бир томонлама воз кечиш ёки тўловни ўзбошимчалик билан тўхтатиш қонунга зид ҳисобланади. Алимент мажбуриятларини бажармаслик қонунчиликда белгиланган ҳуқуқий жавобгарликка сабаб бўлади.
Хусусан, алимент тўловчига нисбатан мажбурий ижро чоралари, маъмурий ёки жиноий жавобгарлик, мол-мулкка нисбатан чекловлар, жамоат ишларига жалб этиш каби таъсир чоралари қўлланилиши мумкин. Мазкур чоралар алимент мажбуриятларининг сўзсиз бажарилишини таъминлашга қаратилган.
Алимент — ота-онанинг фарзанд олдидаги қонуний ва ажралмас мажбурияти ҳисобланади. Қонунчиликда белгиланган ҳуқуқий механизмлар боланинг манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган бўлиб, алимент мажбуриятларининг тўлиқ ва ўз вақтида бажарилиши давлат назорати остида.
Динара ЭРМАТОВА,
Тошкент давлат юридик университети талабаси

