“HAMKORBANK” ТАЛАНТЛАРИ САРАЛАНДИ
“Hamkorbank” АТБ ходимларининг бадиий сўз, қўшиқчилик, рақс санъатига бўлган қизиқишларини аниқлаш, истеъдодли ходимлар фаолиятини банк тизимида кенг тарғиб қилиш ва уларни муносиб рағбатлантириш доим эътиборда. Ходимларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш ва санъат соҳасидаги истеъдодларини намойиш этишлари учун шароит яратиш мақсадида Банк бошқаруви ҳамда Бирлашган касаба уюшмалари қўмитаси ҳамкорлигида ўтказилган “Hamkorbank” талантлари” кўрик-танлови ҳам шу мақсадга қаратилди.
Кўрик-танловнинг Андижон, Тошкент, Самарқанд ҳамда Урганч шаҳарларида ўтказилган минтақавий босқичларида, ички танловларда саралаб олинган 90 нафар банк ходими ўзаро беллашди. Улар орасида ҳар уч йўналиш бўйича фаол иштирок этиб, ҳакамлар ҳайъати томонидан юқори баҳоланганлар Андижон вилоят мусиқали драма театрида бўлиб ўтган финал босқичида иштирок этдилар.
Истеъдодлилар беллашувини кириш сўзи билан очган, Банк Бирлашган касаба уюшмалари қўмитаси раиси Ш.Неъматов, банк раҳбарияти, шахсан Кенгаш раиси И.Ибрагимов томонидан ходимларга қаратилаётган эътибор, уларнинг ишдан бўш вақтларида маданий ва маънавий дам олишлари учун яратилаётган шароитлар ҳақида фикр ва мулоҳазаларини билдириб, иштирокчиларга омад тилади.
Маданият ва санъат соҳасида кўп йиллик тажрибага эга, касбининг усталари бўлган ҳакамлар ҳайъати қатнашчиларнинг чиқишларини адолатли баҳолаб бордилар.

Ўз ижролари билан кўпчиликда катта таассурот қолдирган Урганч универсал банк хизматлари офиси ходими Юлдуз Отажонова бадиий сўз йўналишида, Нукус минтақавий банк хизматлари офиси ходими Азизбек Генжебаев қўшиқчилик йўналишида, Истиқбол универсал банк хизматлари офиси ходими Дурдонахон Патидинова рақс йўналишида 1-ўринни эгаллади.
Танловнинг якуний тақдирлаш маросимида иштирок этган “Hamkorbank” Бошқаруви раиси Б.Жўраев ғолибларга статуетка ҳамда диплом топширар экан, уларнинг келгусидаги ишларига муваффақиятлар, санъат соҳасидаги ижодларига улкан парвозлар тилади.
Ўрмонжон НУРМАТОВ,
Банк Бирлашган касаба уюшмалари қўмитаси раисининг маданий-маърифий ишлар бўйича маслаҳатчиси

