ЙИЛ ХАЙРЛИ КЕЛДИ
Хоразм МБХО учун 2025 йил омадли ва баракали бўлди. Аслида жамоамиз ўзининг ғайрати ва ташаббускорлиги билан ҳамиша юқори кўрсаткичларга эришишни мақсад қилиб келади.
Йил бошланишиёқ жамоамиз учун хайрли кечиб, иш ҳақи грейдининг 1-тоифага кўтарилиши ходимларимизга катта қувонч ва кайфият бағишлади. Шундан сўнг белимизни маҳкам боғладик. Бу рағбат йил давомида юқори суръатлар билан ишлашимизга куч берди.
2025 йилга белгиланган асосий режаларимизни кўнгилдагидек бажардик. 11 ой давомида кредит қўйилмалари, ҳисоб-касса хизмати, юридик шахслар валюта амалиётлари ва кредит қўйилмалардан олинган фоизли даромадлар, юридик шахсларнинг муддатли ва жамғарма депозитлари белгиланган режадан ортиғи билан уддаланди.
Шуни мамнуният билан айтиш мумкинки, 2018 йилда ташкил этилган офисимиз етти йил ичида анча юксалди. Ишонамизки, келгуси йилда натижаларимиз кутганимизданда юқорилайди.
2025 йил фаолиятимизда ривожланиш даври сифатида из қолдирди. 6 та янги штат бирлиги очилиб, ходимларимиз сони 54 нафарга етди. Энг қувонарли ютуқларимиздан бири — ташкил этилганига эндигина бир йил бўлган Қўшкўпир БХО 11 ойда юқори соф фойда олиб, режани 202 фоизга бажарди.
Фақат олдинга интилиш, изланиш ва ҳаракат натижасида 513 та янги корпоратив мижоз жалб қилдик. Исломий молиялаш йўналишида 12 та мижозга кредит портфели юзага келтирилди.
Фурсатдан фойдаланиб барча ҳамкасбларимизни 2026 йил билан қутлаймиз. Янги йил ҳаммамизга бахт олиб келсин!
Сарвар ОРТИҚОВ,
Хоразм МБХО бошқарувчи ўринбосари

