ОХИРГИ ХИЗМАТ КУНИ

Тонг ҳали ёришмаган. Қишнинг совуқ нафаси дераза ойнасига оппоқ нақшлар чизиб қўйгандек, шаҳар устидан сокинлик билан сузиб юрарди. Соат бешга яқинлашган, полковник Искандар Раҳмонов аллақачон уйғоқ эди. Уйғоқ бўлишга мажбур эмасди, бугун кеч навбатчилик эмас, оддий кундузги хизмат. Аммо бу кун оддий эмаслигини у жуда яхши биларди.


Бугун — унинг сўнгги хизмат куни.
Искандар Раҳмонов кўп йиллар давомида тонгни хизматга тайёргарлик билан қарши олган. Бу сафар эса юрагида қандайдир ғалати ҳиссиёт бор эди. Гўё ҳар бир дақиқа қадрли, ҳар бир нафас эсда қоларли бўлиши керакдек. У ётоқхонада секин ўрнидан турди, одатдагидек дераза олдига келиб, кўчага қаради. Қор билан қопланган асфальт йўл, навбатчи машинанинг узоқдан кўринаётган чироқлари, тинч, сокин шаҳар…
Ошхонада чой қайнаб турарди. Рафиқаси Розия опа аллақачон уйғониб, стол устига нонушта тайёрлаб қўйган экан.
— Бугун эрта турдингиз, — деди у мулойим оҳангда.
У жилмайишга уринди.
— Ўрганиб қолганман, — деди. Аммо бу сафар сўзларининг ортида бошқа маъно бор эди.
Розия опа унинг нигоҳидан ҳаммасини англагандек бўлди. Ахир йигирма саккиз йил давомида Ички ишлар вазирлиги тизимида хизмат қилган инсоннинг рафиқаси. Навбатчилик­лар, кеч қайтишлар, хавфли хизматлар…
— Бугун… охирги кунингиз, тўғрими? — деди секин.
Эри бош ирғади.
— Ҳа. Охирги хизмат куним.
Улар жим бўлиб қолишди. Бу сукутда айтилмаган саволлар кўп эди: энди ҳаёт қандай бўлади, тинч уйқу бўладими, у ҳақиқатан ҳам дам ола оладими?
Хизмат кийимини ки­йиш Искандар Раҳмонов учун ҳар доим муҳим маросим бўлган. Формани оддий кийим деб эмас, масъулият ва қасам рамзи деб биларди. Бугун ҳам эҳтиёткорлик билан кийиб, ёқасини тўғрилади, елкасидаги погонларга қараб, бир зум тўхтаб қолди. «Полковник… Бугун охирги марта» — деди ўзига ўзи.
Ички ишлар бўлимига кириб келганида ҳаммаси одатдагидек эди. Навбатчи ходимлар, қоғозлар, телефон жиринги, хизмат машиналари шовқини. Аммо бугун у бу шовқинларни бошқача эшитарди – гўё хайрлашув куйидай.
— Ассалому алайкум, Искандар Ботирович! — деди ёш сержант Рустам Алиев.
— Ваалайкум ассалом, — деди одатдагидек қатъий, аммо кўзларида илиқлик бор эди.
Йиғилиш қисқа бўлди. Кундалик топшириқлар берилди. Бугун у буйруқ бермаслиги, балки охирги марта масъулиятни ўз бўйнида ҳис қилиши мумкин. Ҳамкасбларини бирма-бир кузатар экан, хаёлида бир фикр айланарди: уларсиз яшаш қандай бўларкин?
Бу хонага ёшлигида лейтенант бўлиб келган. Қанчадан-қанча ишлар, қанчадан-қанча тақдирлар шу деворлар орасида кесишган.
Кун тинч бошланди. Шаҳар одатдагидек уйғониб борар, одамлар ишга шошилар, болалар мактабга кетарди.
Соат ўн бирлар атрофида «102» га қўнғироқ келиб тушди. Хонадонда жанжал, шовқин. Пичоқ билан таҳдид. Гаровда бола бор. Кўп учрайдиган ҳолат, лекин ҳар бир чақирув ортида инсон тақдири туришини Искандар Раҳмонов яхши биларди.
Хонага сукунат чўкди. У юрагининг қандай тез ураётганини сезди. Хавфли чақирув.
— Мен бораман, — деди қатъий.
— Искандар Ботирович, — деди бўлим бошлиғи иккиланиб. — Сиз…
— Мен масъулман!
Йўлда жим эдилар.
— Устоз, — деди ниҳоят Рустам. — Агар бирор нарса бўлса…
— Хизматда «агар» бўлмайди, фақат бурч бажарилади.
Кичкина уй олдида йиғлаётган аёл, ичкаридан эса боланинг қўрқинчли овози эшитиларди. Маст эркак пичоқ билан таҳдид қиларди.
Искандар Раҳмонов остонада тўхтади. Шу заҳоти бир фикр миясидан чақмоқдек ўтди: бугун ўзингни эмас, бошқани танлайсанми? У нафақа, оилани, тинчликни эслади.
— Оч эшикни, — деди баланд овозда. — Мен келдим. Ичкарига ёлғиз кирди.
Бир неча дақиқа абадийдек чўзилди, гўё. Сўзлар, сукут, бола йиғиси. Ниҳоят пичоқ полга тушди.
Бола хонадан отилиб чиқди.
Искандар Раҳмонов ташқарига чиққанда, елкалари оғир тортарди. Аммо кўзлари тиниқ эди.
— Сиз бўлмаганингиз­да… — деди Рустам Алиев титраб.
— Шунда ҳам кимдир бўлиши керак эди, — деди у секин.
Тушдан кейин яна бир чақирув. Бу сафар йўл-транспорт ҳодисаси. Қорли йўлда сирпаниб кетган машина. Яна одамлар, яна масъулият. Искандар Раҳмонов воқеа жойида ҳам хотиржамлик билан иш олиб борди. Атрофдагилар уни тинглашар, унга ишонишарди.
Шу пайтда ўзининг илк хизмат кунини эслади. У пайтлар ёш, тажрибасиз, лекин кўзларида ишонч порлаб турган йигит эди. Ўшанда бир кекса полковник шундай деган: «Бу касбни танлаган бўлсанг, халқ дардини ўз дардинг деб бил». Шу васият билан яшади.
Кечга яқин осмон яна қорайиб, совуқ кучайди. Иш вақти якунланишига оз қолди. Искандар Раҳмонов хонасига кирди. Стол устида йиллар давомида тўпланган ҳужжатлар, эски дафтарча, суратлар. Бир суратни қўлига олди. Унда ёш лейтенант сифатида илк бўлинмаси билан тушган экан.
— Вақт тез ўтди… — деди ичида.
Бирдан эшик тақил­лади. Ҳамкасблари кириб келишди. Қўл­ларида совға, юзларида абассум ҳурмат.
— Искандар Ботирович, — деди бўлим бошлиғи. — Сиз биз учун нафақат раҳбар, балки устоз бўлдингиз. Хизматингиз учун раҳмат!
У бир зум жим қолди. Кўзлари намланди, аммо буни сездирмасликка ҳа­ра­кат қилди.
— Мен фақат ўз бурчимни бажардим. Энди навбат сизларники. Ҳалолликни йўқотманглар.
Кечқурун Искандар Раҳмонов бўлимдан чиқди. Дарвоза олдида туриб қолди, ортига қаради. Бу даргоҳ унинг ҳаётининг катта қисмини ўзида мужассам этган.
Чуқур нафас олди ва секингина: «хайр, хизмат…»
Уйга қайтаётганида шаҳар чироқлари ёниб турарди. Бу чироқларни у йиллар давомида қўриқлади.
Уй эшиги очилди. Розия опа ва фарзандлари кутиб олишди.
— Табриклаймиз, дада! — деди ўғли.
Искандар Раҳмонов фарзандларини бағрига босди. Аммо юрагининг бир четида «Ички ишлар ходими ҳеч қачон хизматдан бутунлай кетмайди. Чунки виждон ва мас­ъулият нафақага чиқмайди» деган сўзлар зоҳир эди.
Шу тариқа полковникнинг охирги хизмат куни якунланди. Аммо посбонлик руҳи, хизматга садоқати ва инсонийлиги давом этаверди.

Ойбону ТЎХТАСИНОВА