ТИЛ ҚАДРИ –МИЛЛАТ ҚАДРИ

1989 йил 21 октябрда ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши миллий тарихимиздаги муҳим воқеалардан бири, мустақиллик йўлидаги муҳим қадам бўлди. Бугун бу сана Ўзбек тили байрами сифатида кенг нишонланади. У нафақат тарихий воқеани ёдга олиш, балки она тилимизнинг бугунги ҳолати, уни асраш ва ривожлантириш борасидаги вазифалар ҳақида мушоҳада юритиш учун ҳам муҳим бир фурсатдир.

Тарихий қарор ва унинг ҳуқуқий аҳамияти

Ўтган асрнинг саксонинчи йиллари охирида ўзбек тилининг жамият ҳаётидаги ўрни сезиларли даражада чекланган, расмий иш юритиш, таълим ва фан соҳаларида ундан фойдаланиш имкониятлари тор доирада қолган эди. Ана шундай мураккаб шароитда «Давлат тили ҳақида»ги Қонуннинг қабул қилиниши ўзбек тилининг ҳуқуқий мақомини белгилаш ва унинг жамият ҳаётидаги ўрнини тиклаш йўлида муҳим қадам бўлди.

Мазкур қонун ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мақомини ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб, уни расмий иш юритиш, таълим, илм-фан ва жамоат ҳаётининг турли соҳаларида қўллаш учун ҳуқуқий асос яратди. Шу маънода, унинг қабул қилиниши миллий тилга бўлган эътиборни кучайтириш билан бирга, миллий ўзлик ва давлатчилик тамойилларининг ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланишига ҳам хизмат қилди.

Мустақиллик йилларида ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мақоми Конституция ва қонунчиликда янада мустаҳкамланиб, уни ривожлантириш ва қўллашга доир ҳуқуқий механизмлар изчил такомиллаштириб борилди.

Конституциявий кафолатлар

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 4-моддасида давлат тили ўзбек тили экани белгилаб қўйилган. Шу билан бирга, Асосий қонун мамлакат ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналарига ҳурмат билан муносабатда бўлишни ҳамда уларни ривожлантириш учун зарур шароитлар яратилишини кафолатлайди. 2023 йилда референдум орқали қабул қилинган Конституциянинг янги таҳририда ҳам ушбу конституциявий ёндашув сақлаб қолинди.

Мазкур норма, аввало, икки муҳим тамойилнинг уйғунлигини таъминлайди. Бир томондан, ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мақоми ва давлат бошқаруви, таълим, суд-ҳуқуқ ҳамда ахборот соҳаларидаги ўрни мустаҳкамланади. Иккинчи томондан эса, мамлакатдаги барча миллат ва элатларнинг тилларига ҳурмат билан муносабатда бўлиш, уларни асраб-авайлаш ва ривожлантириш учун ҳуқуқий асос яратилади.

Шу маънода, давлат тилининг юксак мақоми бошқа тилларга нисбатан муносабатни чеклашни эмас, балки жамиятда тиллар ўртасида ўзаро ҳурмат ва бағрикенглик муҳитини қарор топтиришни назарда тутади. Ўзбек тили эса турли миллат вакилларини бирлаштирувчи, жамиятда ўзаро мулоқот ва ҳамжиҳатликни таъминлашга хизмат қилувчи муҳим ижтимоий воситалардан бири сифатида намоён бўлади.

Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари билан боғлиқ

Давлат тилининг ҳуқуқий асосини, аввало, «Давлат тили ҳақида»ги Қонун ташкил этади. Мазкур Қонун 1995 йилда янги таҳрирда қабул қилинган бўлиб, кейинги йилларда давр талаблари ва жамият эҳтиёжларидан келиб чиқиб такомиллаштириб борилди. Унда давлат органлари, жамоат бирлашмалари, корхона ва ташкилотларда иш юритиш, расмий ҳужжатларни расмийлаштириш, мансабдор шахсларнинг мурожаатлари, таълим ва оммавий ахборот воситалари, реклама ва эълонлар, жой номлари ҳамда кўрсаткичларда давлат тилидан фойдаланиш билан боғлиқ талаблар белгилаб қўйилган.

Қонуннинг муҳим жиҳатларидан бири шундаки, у фуқароларга давлат органларига ўзбек тилида мурожаат қилиш ва мурожаатига шу тилда жавоб олиш ҳуқуқини кафолатлайди. Бу эса тил масаласи фақат маданий ёки маънавий аҳамиятга эга эмас, балки фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари билан ҳам бевосита боғлиқ эканини кўрсатади. Шу билан бирга, давлат тили тўғрисидаги қонунчилик талабларини бузганлик учун амалдаги қонунчиликда тегишли жавобгарлик чоралари ҳам белгиланган.

Тил сиёсатининг янги босқичи

Сўнгги йилларда давлат тили масаласи юксак даражада сиёсий эътибор марказига кўтарилди. 2019 йил 21 октябрда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг «Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони қабул қилинди. Мазкур ҳужжатда ўзбек тили байрамини белгилаш, тил тарғиботини кучайтириш, давлат органларида иш юритишни давлат тилида олиб бориш масъулиятини ошириш, терминология каби муҳим вазифалар белгиланди. Шунингдек, ўзбек тилини узоқ муддатли истиқболда ривожлантиришга қаратилган режалар ва «йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш вазифаси ҳам назарда тутилди.

Давлат тилини ривожлантиришга қаратилган ишлар кейинги йилларда ҳам изчил давом эттирилди. Жумладан, давлат тили масалалари бўйича махсус ваколатли тузилма ташкил этилди, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг фаолияти янада кенгайтирилди. Тил ва адабиётни ўқитиш сифатини ошириш, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосидан фойдаланишни такомиллаштириш, шунингдек, ўзбек тилининг рақамли муҳитдаги имкониятларини кенгайтириш бўйича қатор чора-тадбирлар амалга оширилди.

Давлат дастури ва стратегиялар доирасида

Давлат тилини ривожлантириш масаласи мамлакатнинг умумий тараққиёт стратегияси билан узвий боғлиқ ҳолда кўриб чиқилмоқда. «Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси» ва кейинчалик қабул қилинган «Ўзбекистон-2030» стратегиясида маънавий-маърифий соҳани ривожлантириш, таълим сифатини ошириш, маданият ва миллий қадриятларни асраб-авайлаш муҳим вазифалар сифатида белгиланган. Ҳар йили қабул қилинадиган давлат дастурларида ҳам тилни ривожлантириш, китобхонликни оммалаштириш ва маърифатни тарғиб қилишга қаратилган чора-тадбирлар назарда тутилади.

Бу ёндашувнинг аҳамияти шундаки, давлат тилини ривожлантириш фақат филологлар ёки таълим тизимининг вазифаси билан чекланмайди. Бу жараён ахборот технологиялари, сунъий интеллект, расмий ҳужжатлар айланмаси, электрон давлат хизматлари ва таълим дастурлари билан ҳам чамбарчас боғлиқ. Зеро, замонавий жамиятнинг барча соҳаларида ўзбек тилидан кенг ва самарали фойдаланиш учун зарур шарт-шароитларни яратиш, унинг имкониятларини рақамли муҳитда ҳам тўлиқ намоён этиш давлат тили сиёсати олдидаги муҳим вазифалардан биридир.

Маънавий масъулият

Қонунчиликда зарур меъёрлар белгилаб қўйилган бўлса-да, амалиётда уларга тўлиқ риоя этиш билан боғлиқ айрим муаммолар сақланиб қолмоқда. Баъзи ҳужжатларда ноаниқ ёки услубий жиҳатдан хато ифодалар учрайди, реклама ва кўрсаткичларда имло қоидаларига риоя қилинмайди. Хорижий сўз ва атамаларнинг ўринсиз қўлланиши ҳам тобора кўпайиб бормоқда. Айниқса, ижтимоий тармоқларда тил меъёрларига тўлиқ амал қилинмаган, соддалаштирилган ва бузилган шаклдаги ёзувларнинг кенг тарқалаётгани тил маданиятига таъсир кўрсатмоқда. Расмий нутқда ҳам, кундалик мулоқотда ҳам адабий тил меъёрларига эътиборни кучайтириш зарурати сезилмоқда.

Бу муаммоларни фақат жарима ёки тақиқлар билан ҳал этиб бўлмайди. Тилга ҳурмат, аввало, қонун талабига эмас, ҳар бир инсоннинг маънавий масъулияти ва фуқаролик бурчига айланиши лозим. Давлат тилида тўғри, тоза ва равон сўзлаш ҳамда ёзиш мансабдор шахс учун маданият, ўқитувчи учун касбий этика, журналист учун ижтимоий масъулият, ота-она учун эса фарзанд тарбиясидаги муҳим бурчдир.

21 октябрь – оддий тақвим санаси эмас. Бу кун ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган тарихий воқеани ёдга солади, шу билан бирга, тилнинг келажаги учун масъулиятимизни яна бир бор эслатади. Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мақоми Конституция ва қонунлар билан кафолатланган, Президент қарорлари ва давлат дастурлари билан янада мустаҳкамланмоқда. Аммо ҳуқуқий кафолатларнинг ўзи тилни ривожлантириш учун етарли эмас. Тилнинг нуфузи ва ҳаётдаги мавқеини юксалтириш эса, аввало, ҳар биримизнинг муносабатимиз ва амалий ҳаракатимизга боғлиқ.

Тилини асраган миллат ўзлигини асрайди. Шунинг учун давлат тилига ҳурмат, аввало, қонун талабларига риоя қилишдан бошланиб, она тилимизга бўлган самимий муҳаббат, масъулият ва кундалик амалий эътибор билан намоён бўлиши зарур.

Нурилло ТЎХТАСИНОВ

Тошкент давлат юридик университети катта ўқитувчиси