БИР МИЛЛИОН ФУНТЛИК БАНКНОТА
Марк Твен
Мен дунёда ёлғиз эдим, суянадиган ҳеч нарсам йўқ. Фақат ақл-идроким ва беғубор обрўйим бор эди холос. Бироқ йигирма етти ёшимда Сан-Францискода кончилик соҳасидаги биржа брокерининг хизматчиси бўлиб ишлардим. Акциялар савдосининг барча нозик жиҳатларини яхши билардим.
Бир куни соҳилдан жуда узоқлашиб кетган кичик қайиғимни оқим очиқ денгиз томон олиб кетди. Кун ботаётганда мени Лондонга йўл олган кема қутқариб қолди. Сафар узоқ ва бўронли кечди. Ниҳоят, Лондонга қадам қўйганимда кийимларим йиртиқ-ямоқ, чўнтагимда эса бор-йўғи бир долларим бор. Бир неча кун ичида бу пул ҳам тугаб, на овқатим ва на бошпанам қолди.
Эртаси куни Портленд-Плейс кўчасида оч-наҳор, ҳолдан тойиб борардим. Бир бола қўлидан тушиб кетган катта нокни йўл четидаги ариққа улоқтириб юборди. Унга тикилиб қолдим. Очлигим шу қадар кучли эдики, лойга беланган нок ҳам кўзимга бебаҳо неъматдек кўринди. Аммо ҳар сафар уни олишга уринганимда кимдир пайдо бўлиб қолар, мен эса ўзимни бепарво тутардим. Иттифоқо, орқамдаги уйнинг деразаси очилиб, ичкаридан бир жанобнинг овози эшитилди:
— Марҳамат, ичкарига киринг.
Мени ҳашаматли хонага бошлаб киришди. У ерда икки кекса ака-ука ўтирарди. Улар бир неча кун аввал баҳслашиб, қизиқ бир гаров ўйнашган экан.
Бир пайтлар Англия Банки номинал қиймати бир миллион фунт бўлган икки банкнота чиқарган, улардан бири ҳалигача хазинада сақланарди. Ака-укалар шундай савол устида баҳслашган: агар Лондонда ҳеч қандай таниши бўлмаган, чўнтагида эса фақат бир миллион фунтлик банкнота бор, унинг қандай қўлга кирганини тушунтириб бера олмайдиган, аммо ҳалол ва ақлли бир бегона одам пайдо бўлса, у ўттиз кун давомида шу банкнота ёрдамида тирикчилик қила оладими?
Ака “А” бу одам очликдан қийналади, деб ҳисоблади. Ука “Б” эса у ўттиз кун бемалол яшаб кетишига йигирма минг фунт гаров ўйнади. Шу мақсадда у Англия Банкидан миллион фунтлик банкнотани олди ва муносиб одамни кута бошлади. Тасодифни қарангки, улар мени танлашди ва бир конверт беришди. Уйга бориб очсам, ичида пул бор экан. Мен банкнота ва пулни чўнтагимга солиб, энг яқин ошхонага югурдим. Овқатдан сўнг банкнотамни чиқариб, ҳисоб-китоб қилмоқчи бўлдим.
Банкнотадаги рақамни кўриб, ўзим ҳам карахт бўлиб қолдим: “Бир миллион доллар!”
Овқатланган ошхона эгаси эса банкнотага қараб қотиб қолди. Мен унга бепарво оҳангда:
— Қайтимини беринг, илтимос, — дедим.
У эса банкнотани майдалашдан бош тортди. Аксинча, мени бой жаноб деб ўйлаб, ҳисобни кейин тўлашим мумкинлигини айтди. Шу лаҳзада тушундим: бу улкан банкнота менга пулдан кўра кўпроқ ишонч берар экан.
Икки кекса жаноблар олдига қайтиб борганимда, улар сафарга чиқиб кетишган эди. Менга қолдирилган мактубда банкнота ўттиз кунга фоизсиз қарзга берилгани, муддат тугагач уйга қайтишим ва гаров натижасига қараб менга муносиб лавозим таклиф қилиниши айтилган эди.
Мен бир ой давомида миллион фунтлик банкнота билан яшашга мажбур бўлдим. Қизиғи шунда эдики, менда катта пул бордек кўринса-да, уни майдалай олмасдим. Бироқ одамлар банкнотани кўрган заҳоти мени бойвачча деб ўйлашар, қарз беришар, истаган нарсамни насияга беришарди.
Кийим дўконига кирганимда ҳам худди шундай бўлди. Аввалига сотувчи уст-бошимга қараб камбағал деб ўйлади. Банкнотамни кўргач эса, бир зумда муомаласи ўзгарди. Мен учун энг яхши костюмларни танлади, буюртмалар олди ва тўловни истаган вақтда қилишим мумкинлигини айтди. Шу тариқа, гарчи амалда қўлимда нақд пул бўлмаса-да, бой-бадавлат одамдек яшай бошладим. Одамлар “жилет чўнтагида миллион фунт олиб юрувчи миллионер” деб аташар, газеталар мен ҳақимда ёзар, кўчага чиқсам, одамлар ортимдан эргашарди. Ҳатто “Панч” журнали карикатура қилди — машҳур бўлиб кетдим.
Кунларнинг бирида Америка элчиси зиёфатга таклиф қилди. Қизиқ, у отам билан аввалдан таниш экан. Шу ерда Порша Лэнгэм исмли йигирма икки ёшли қиз билан танишдим. Икки дақиқада ошиқ бўлиб қолдим. У ҳам менга бефарқ эмасди. Биз маош ва келажак ҳақида гаплашдик. Мен бир ойдан сўнг кексалардан муносиб лавозим олишимга ишонардим. Порша эса харажатларимизга эҳтиёткор бўлишимиз кераклигини айтди. Унинг сўзлари жиддий ўйлантирди: агар гаровда ютқазсам, қарзларим билан нима қиламан?
Ниҳоят, белгиланган муддат тугади. Порша билан икки кекса жанобнинг уйига бордим. Улар биздан ҳисобот сўрашди. Мен миллион фунтлик банкнота ҳали ҳам ўзимда эканини кўрсатдим.
— Мен ютдим! — деди кексаларнинг каттаси. — Абел, энди нима дейсан?
— У ҳақиқатан ҳам тирик қолибди. Мен йигирма минг фунт ютқаздим, — деди укаси.
Мен эса иккинчи ҳисоботимни кўрсатдим:
— Бу икки юз минг фунтлик депозит сертификати. У энди меники.
Кексалар ҳайратда қо-лишди. Изоҳладим: улар берган кичик қарздан оқилона фойдаланиб, бутун ой давомида банкнотадан қайтим сифатида фойдаланиш орқали шу маблағни ишлаб топган эдим. Шунда Порша ҳам ҳайратдан қотиб қолди. “Пуллар ҳақиқатан ҳам сеникими”, деб сўради. Уни алдаганимни тан олдим.
— Аммо лавозим масаласи бор-ку, — деди кекса жаноб. — Мен сизга истаган лавозимни беришга тайёрман.
— Раҳмат, жаноб, аммо лавозим керак эмас, — дедим. Порша менга ҳайрон қаради. Кейин кекса жанобнинг олдига бориб, унинг тиззасига ўтирди ва уни ўпди. Мен лол қолдим.
— Дада, у сиздаги ҳеч бир лавозимни қабул қилмаслигини айтди, — деди Порша.
— Дада?!
— Ҳа. У менинг ўгай дадам. Абел эса амаким.
Шунда мен ҳаммасини тушундим. Порша кексаларнинг режасидан аввалдан хабардор эди. Бир ойлик саргузаштимдан кулгани ҳам шундан экан. Дарҳол фикримни ўзгартирдим:
— Э, азиз жаноб, айтган гапларимни қайтариб олмоқчиман. Сизда мен истайдиган лавозим бор экан.
— Қайси лавозим?
— Куёв.
Жаноблар қаҳ-қаҳ отиб кулишди.
— Хўп, майли, уни олиб кетинг.
Биз бахтли эдик. Бунга сўз топиш қийин.
Кейин Поршанинг дадаси миллион фунтлик банкнотага Англия Банкида нуқта қўйдириб, нақд пулга айлантирди. Банк эса банкнотани бекор қилиб, уни совға сифатида тўйимизда бизга берди. Шундан бери у уйимиз тўрида — рамкага солинган ҳолда осиғлиқ туради. Чунки айнан ўша банкнота менга Поршамни берди.
Инглиз тилидан Ойбону Тўхтасинова таржимаси

